Ўртасаройдаги карантин ҳудудига гиёҳвандлик моддаси олиб кирмоқчи бўлган шахс қўлга олинди

Ўртасаройдаги карантин ҳудудига гиёҳвандлик моддаси олиб қирмоқчи бўлган шахс назорат пунктида қўлга олинди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИБ хабар берди.

Фото: Тошкент вилояти ИИБ

Маълум қилинишича, 2020 йилнинг 3 август куни Юқори Чирчиқ тумани «Ўртасарой» карантин ҳудудида хизмат олиб бораётган Тошкент вилояти ИИББ тезкор ходимлари томонидан карантин шаҳарчасининг қурилиш ҳудудида ёлланма хизматчи бўлиб ишловчи 25 ёшли Т.A. назорат ўтиш жойида белгиланган тартибда кўздан кечирилганда, унинг ёнидан қоғозга ўралган, (экспертиза хулосасига кўра) оғирлиги 2,83 грамм марихуана гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланиб, холислар иштирокида далилий ашё сифатида олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Юқори Чирчиқ тумани ИИБ ТБ томонидан Т.A.га нисбатан Жиноят кодексининг 276-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентга гашиш гиёҳванд моддасини мевалар орасига яшириб олиб кетаётган шахс Оҳангаронда ушланган эди.

Янгиликлар