Ўзбекистонда жойлаштириш воситаларини қуриш учун берилган кредитларни тўлаш муддати узайтирилади

Ўзбекистонда жойлаштириш воситаларини қуриш учун тижорат банклари томонидан берилган кредитлар бўйича асосий қарз тўлови муддати узайтирилади. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабар берди.

Маълум қилинишича, жойлаштириш воситалари (меҳмонхоналар, туристик базалар ва мажмуалар, дам олиш уйлари ва зоналари, пансионатлар, кемпинглар, мотеллар, меҳмон уйлари, ўтов, чодирли оромгоҳлар ва бошқалар)ни қуриш учун тижорат банклари томонидан аввал берилган кредитлар бўйича асосий қарз бўйича тўловни 18 ойдан 24 ойгача узайтириш имконияти яратилди.

Бунда жойлаштириш воситасини қуриш мақсадида кредит олган тадбиркорлик субъекти, масалан, кредит шартномаси бўйича 3 йил, яъни 36 ой давомида кредит бўйича асосий қарзни тўлаш мажбуриятини олган бўлса, мазкур қарзни 36 ойга қўшимча равишда 2020 йилнинг 1 октябридан бошлаб 18 ойдан 24 ойгача узайтирилган ҳолда тўлаш имконига эга бўлади.

Бунинг учун тадбиркорлик субъекти хизмат кўрсатувчи тижорат банкига 2020 йилнинг 1 октябрига қадар асослантирилган ёзма тақдимнома киритади. Тижорат банкининг кредит қўмитаси кредитни асосий қисмини қайтариш муддатини узайтириш тўғрисида қарор қабул қилгач узайтирилган кредитни сўндириш жадвали билан бирга кредит шартномасига қўшимча битим расмийлаштирилади.

Шу билан бирга, яратилган имкониятлардан яна бири — коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб жорий этилган даврда кредит бўйича тўловлар муддати ўтганлиги ва улар муддатларининг узайтирилганлиги учун мижозларга жарима чоралари қўлланилмайди ҳамда ундирув кредитларнинг таъминотига қаратилмайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Осиё тараққиёт банки Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳаси учун 100 миллион доллар ажратиши маълум қилинган эди.

Янгиликлар