Фарғонада пахта терими 10 сентябрдан бошланди
AОКA ҳузуридаги штабда 10 сентябрь, пайшанба куни 2020 йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олишга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Маълум қилинишича, Фарғона вилоятида 2020 йилги пахта йиғим-терим мавсуми 10 сентябрдан бошланган.
Қайд этилишича, 2020 йилги пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш:
- Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Aндижон, Бухоро, Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида 15 сентябрдан;
- Жиззах, Навоий, Тошкент ва Хоразм вилоятларида 20 сентябрдан;
- Самарқанд вилоятида 25 сентябрдан бошланиши белгиланган.
Маълумот учун, Ўзбекистонда 2020 йилда етиштирилган пахта хом ашёси йиғим-теримини ташкил этишда қўлда терилган 1 килограмм пахта учун биринчи теримда 1000 сўмдан, иккинчи теримда 1400 сўмдан кам бўлмаган меҳнат ҳақи тўлаш тавсия этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг айрим туманларида қўлда терилган пахта учун устама ҳақ берилиши ҳақида хабар берилган эди.
Шунингдек, Қоровулбозорда 10 сентябрдан пахта терими бошлангани маълум қилинди.