Россия Савдо-саноат палатаси президенти: «Рақамли иқтисодиётга эртароқ ўтганимиз учун пандемия бизга катта зарар етказмади»

Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида МДҲга аъзо давлатларнинг Савдо-саноат палаталари раҳбарлари кенгашининг XVIII йиғилишида Россия Савдо-саноат палатаси президенти нима сабабдан пандемия мамлакатга катта зарар етказмаганини айтиб ўтди. Бу ҳақда «Tez News» мухбири хабар берди.

Фото: Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати

Маълум қилинишича, мазкур кенгаш 9 cентярбь, чоршанба куни Ўзбекистон савдо-саноат палатаси раиси Aдҳам Икромов раислигида видеоконференцалоқа форматида бўлиб ўтган.

Фото: Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати

Қайд этилишича, Россия Савдо-саноат палатаси президенти Сергей Катирин ўз нутқида мамлакат рақамли иқтисодиётга эртароқ ўтгани учун пандемия Россияга катта зарар етказмаганини таъкидлаган.

Шунингдек, Сергей Катирин пандемия даврида хусусий ва кичик бизнес эгаларига яратилган имкониятларга тўхталиб ўтган.

«Пандемия давридаги оғир шароитда хусусий ва кичик бизнес эгалари учун ташкил этилган қисқа рақамларга келиб тушган 130 мингдан ортиқ мурожаатлар ўрганиб чиқилди. Улардан 62 мингтаси тадбиркорлар ва кичик бизнес вакиллари учун форс-мажор ҳолатлари билан боғлиқ бўлиб, қолгани ташқи савдолар билан алоқадорлиги ўрганилди», — деди Россия Савдо-саноат палатаси президенти.

Сўнгра Катирин Россия ўзаро ҳамкорлик юзасидан ёрдамга тайёр эканлигини айтиб ўтган.

«Пандемия давридан сўнг кўплаб ички ва ташқи савдо тармоқлари қайта ишга туширилиши кутилмоқда. Шунингдек, янги имкониятлар билан ўзаро ҳамкорлик юзасидан вужудга келадиган маслаҳатлар, ҳуқуқий саволлар, рақамлаштириш, сертификатлаштириш бўйича доим ёрдамга тайёр эканлигимизни билдирмоқчиман», — дейди Сергей Катирин.

Маълумот учун, МДҲга аъзо давлатлар Савдо-саноат палаталари раҳбарлари кенгаши 2002 йил ноябрда Москвада бўлиб ўтган ташкилий йиғилишда Ўзбекистон, Россия, Aрманистон, Беларусь, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Тожикистон савдо-саноат палаталари раҳбарлари ўртасида қабул қилинган қарорга мувофиқ ташкил этилган.