ДХХ терговчиларига дастлабки тергов бўйича қўшимча ваколат берилади

«Маданий бойликлар ноқонуний айланмасига қарши курашиш чоралари кучайтирилиши муносабати билан Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

«Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш кучайтирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун билан моддий маданий мерос объектларини нобуд қилганлик, бузганлик ёки уларга шикаст етказганлик учун жавобгарлик кучайтирилиб, ушбу тоифадаги ишлар тергови прокуратура органларига ўтказилган.

Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар халқлари бадиий, тарихий ва археологик бойлиги ҳисобланган ашёларни Ўзбекистон ҳудудига қайтармаслик (ЖК 169-2) жинояти юзасидан тергов прокуратура органлари терговчиларига берилиши ушбу соҳада ягона тергов амалиёти шаклланишига олиб келади. Жиноят кодекси 169-2-моддаси тергови прокуратура органларига тегишли экани белгиланмоқда.

Маданий мерос объектлари ҳимояси билан боғлиқ тарихий, илмий, бадиий ёки бошқа маданий қимматга эга бўлган ашё ёки ҳужжатларни қонунга хилоф равишда эгаллаш (ЖК 169-1) жинояти асосан ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш кўринишида учрамоқда. Бунда ашёлар ўзлаштирилиши ўзига хос хусусияти сақланаётган моддий маданий мерос ашёлари ўхшаш ашёлар билан алмаштириб қўйилиши орқали содир этилмоқда. Турли тергов органлари ваколатларига тегишли жиноятлар содир этиш усуллари белгиланаётганини инобатга олиб, мазкур тоифадаги ишлар бўйича дастлабки тергов иш қўзғатган дастлабки тергов органи томонидан амалга оширилиши мақсадга мувофиқ экани айтилади.

«Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги қонун 5-моддасида Ўзбекистон халқи маданий-тарихий ҳамда бой маънавий меросини ҳимоя қилиш Давлат хавфсизлик хизмати фаолияти асосий йўналишларидан ҳисобланади. Жиноят кодексига таклиф этилаётган 182-1-модда давлат чегараси билан боғлиқ бўлгани, яъни ушбу моддада назарда тутилган жиноят Жиноят кодекси 182, 246-моддаларида кўрсатилган жиноят билан содир этилиши ва бошқа хусусиятларига кўра ўхшашлиги сабабли, ушбу соҳада дастлабки терговни Давлат хавфсизлик хизмати терговчиларига берилиши мақсадга мувофиқ экани билдирилган.

Қонун лойиҳаси қабул қилиниши Ўзбекистон ҳудудида мамлакатдаги моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, улар ноқонуний айланмаси олдини олиш, Ўзбекистоннинг жаҳон маданияти ва тарихига қўшган ҳар томонлама беқиёс ҳиссасини сақлаб қолиш, келажак авлодга етказишга ҳисса қўшади.

Янгиликлар