Самарқандда бир кг опийни сотаётган 2 нафар эркак ушланди

Самарқанд вилояти Ургут туманида бир килограмм опий гиёҳвандлик моддасини 18 минг долларга сотаётган 2 нафар эркак қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати «Tez News»га хабар қилди.

Хабарга кўра, мазкур ҳолат Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан вилоят ички ишлар бошқармаси ва божхона органлари ходимларини жалб қилган ҳолда Ургут туманида ўтказилган тезкор тадбирда аниқланган. Маълум қилинишича, туманда яшовчи С.М. ўзининг «Spark» русумли автомашинасида И.П. билан биргаликда қарийб 1 килограмм опий гиёҳвандлик моддасини 18 минг долларга сотаётган вақтида қўлга олинган.

Шунингдек, тезкор тадбир давомида жиноий гуруҳда мижоз топиш билан шуғулланган Ш.Х. ва М.О. ҳам ушланган. Хабарда айтилишича, ҳозирда аниқланган барча ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Фарғона шаҳрида чўнтагида гашиш олиб юрган маст эркак, Қўқонда эса 3 та целлофан пакетда гашиш ва марихуана сақлаб келган эркак қўлга олинганди. Шунингдек, Норинда уйида салкам 10 грамм гашиш сақлаган, Андижонда эса 4 минг долларга гашиш гиёҳвандлик моддасини сотаётган шахс ушланганди.

Янгиликлар