Ўзбекистонда халқаро мототур ва велотур мусобақалари ташкил этилади

Ўзбекистонда халқаро мототур ва велотур мусобақалари ташкил этилади ва бунинг учун мамлакат ҳудудларидан Бўстонлиқ туманигача маршрут ишлаб чиқилади. Бу ҳақда Президент ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, бу ҳақда 9 декабрь куни туризм ва спорт соҳаларида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгуси йилдаги вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум қилинган. Йиғилишда Саломатлик йўлакларини қуриш бўйича манзилли рўйхатни шакллантириб, қурилиш ишларини бошлаш, пиёдалар ва велосипедлар учун барча қулайликларни яратиш бўйича кўрсатмалар берилган.

Таъкидланишича, Президент жойларда спорт инфратузилмасини ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратган. Хусусий спорт иншоотлари, воркаут, мини-футбол, бадминтон, стритбол майдонлари ва фитнес заллари барпо этишга тадбиркорларни жалб қилиш бўйича топшириқлар берилган.

Шунингдек, мамлакатда халқаро спорт мусобақаларини ўтказиш орқали спорт туризмини ривожлантириш кераклиги таъкидланди. Хусусан, халқаро мототур ва велотур мусобақалари ташкил этилиши ва бунинг учун мамлакат ҳудудларидан Бўстонлиқ туманигача маршрут ишлаб чиқилиши маълум қилинган.

Хабарда айтилишича, йиғилишда аҳоли ўртасида жисмоний тайёргарлик даражаси бўйича спорт синовларини йўлга қўйиб, унинг ғолибларига имтиёзлар берилиши белгиланган. Буни биринчи навбатда мактаб ўқувчилари ўртасида, босқичма-босқич аҳоли ўртасида ташкил этиш кераклиги қайд этилган.

«Маълумки, Ўзбекистондаги ҳар бир туман ва шаҳар биттадан устувор, истиқболли ҳамда ривожланаётган спорт турларига ихтисослаштирилган. Мазкур тизимдан келиб чиқиб, ҳудудда йирик мусобақалар ўтказиб туриш ва салоҳиятли спортчиларни тарбиялаш муҳимлиги таъкидланди. Бунинг учун Миллий Олимпия қўмитаси барча спорт федерасиялари фаолиятини туман ва шаҳарларга боғлаган ҳолда ташкил этиб, жойларда Олимпия ҳаракатини ривожлантириб боради», дейилади хабарда.

Аввалроқ Ўзбекистонда пиёда ва велосипедда ҳаракатланувчилар учун ўтиш йўлларида махсус светофорлар ўрнатилиши ҳақида хабар берилган эди.