«Туш кўряпман деб ўйладим». Самарқандда 40 та уйсиз оилага хонадонлар берилди

Самарқанд шаҳрида 2020 йилда 40 нафар уйсиз, эҳтиёжманд ва кам таъминланган оилаларга хонадонлар топширилди. Бу ҳақда Самарқанд шаҳар ҳокими Бобурмирзо Облақулов 8 декабрь куни халқ депутатлари шаҳар кенгаши йиғилишида қилган мурожаатида маълум қилди, дея хабар берди «Tez News» мухбири Шоҳруҳ Ҳайдаров.

Фото: Шоҳруҳ Ҳайдаров / «Tez News»

Йиғилишда ҳоким 2020 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва шаҳарни 2021 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишлари бўйича мурожаат билан чиқиш қилган. Ҳокимнинг сўзларига кўра, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, ёлғиз она ва ногиронлиги бор фуқароларга янги Қорасув массивидан 40 та хонадаон берилган. Хусусан, вилоятнинг чекка туманларидан бирида, 20 йилдан буён ижарада яшаган 55 ёшли Боғдагул Элназаровага 16 қаватли уйлардаги хонадонлардан бири бепул тақдим этилган.

Фото: Шоҳруҳ Ҳайдаров / «Tez News»

«Очиғи, мен уни айтолмайман Жуда-жуда қийналиб яшаганмиз. Кўп қийинчиликлар кўрганмиз… Турмуш ўртоғимни қайним уриб, қийнарди. Шундан сўнг, болаларим билан шаҳарга қочиб келиб, у эшикда, бу эшикда 20 йилдан буён ижарада яшадик. Орада жигар церрози ҳам бўлдим. Шу билан оила боқиш ўғлимга қолгандан кейин, у ҳам анча қийналиб, соғлигини йўқотди. Хуллас, мени қийинчилигимни сўраб ўтирманг…

Мана Президентимиз, вилоят ҳокимизнинг ҳаракатлари билан мени, турмуш ўртоғимнинг соғлигидаги муаммолар сабаб янги массивдаги кўп қаватли уй хонадонларидан бирини топширишди. Уй берамиз дейишганда мен туш кўряпман деб ўйладим, кечаси билан ухламай чиқдим. Ухласам бу ширин тушдан уйғониб кетаман дедим. Ана энди ёшариб, янада кўпроқ яшагим келяпти. Худога шукр, бошимга бошпана бўлдими — шуни ўзи етади», — дейди Боғдагул Элназарова.

Фото: Шоҳруҳ Ҳайдаров / «Tez News»

Фото: Шоҳруҳ Ҳайдаров / «Tez News»

Фото: Шоҳруҳ Ҳайдаров / «Tez News»

Шаҳар ҳокимининг таъкидлашича, пандемия даврида Самарқанд шаҳрида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўп фарзандли оилаларга, ногиронлиги бўлган шахсларга ва ёлғиз қарияларга, ўз даромадини юқотган вақтинча ишсиз бўлган фуқароларга ёрдам бериш мақсадида «Саховат ва кўмак» жамғармасига маблағларни шакллантириш учун 2 миллиард сўм ажратилган.

Бундан ташқари, Президент раҳбарлигида 2020 йил 8 октябрда ўтказилган «Жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги видеоселектор йиғилишида берган топшириғига мувофиқ, шаҳар маҳаллий бюджетининг йил бошига тасдиқланган даромадларини 2,2 миллиард сўмга оширилганю Бунинг ҳисобига ушбу маблағларнинг 1,1 миллиард сўмини «Ёшлар дафтари»га, 1,1 миллиард сўмини «Аёллар дафтари»га киритилган фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тадбирларига йўналтириш кўзда тутилган.

Маълумот ўрнида, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илк маротаба ҳокимлар кенг жамоатчиликка 2020 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва 2021 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган мурожаатнома билан чиқиш қилиб боради.

Аввалроқ Бухоро шаҳрида салкам 500 нафар субсидия олувчига квартиралар ажратилиши ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар