Самарқандда эҳтиёжманд оила ва уларнинг 16 ёшга тўлмаган фарзандларига қанча маблағ тарқатилгани маълум бўлди

Самарқанд вилоятида «темир дафтар»га киритилган ҳамда вояга етмаган фарзандлари бўлган 71,6 минг оилага 35 миллиард сўмдан ортиқ моддий ёрдам тарқатилди. Бу ҳақда вилоят молия бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Матбуот уйида ўтказилган брифингда маълум қилди.

Фото: «Tez News»

Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 26 августдаги «Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан Самарқанд вилоятида пандемия даврида инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан 35,8 миллиард сўм маблағ ажратилган.

Хабарга кўра, мазкур маблағ эҳтиёжманд ва 16 ёшга тўлмаган фарзанди бор 71 660 оилага бир марталик моддий ёрдам тариқасида тарқатилган.

Бундан аввал Самарқанддаги 16 ёшга тўлмаган болаларга 55 миллиард сўмдан ортиқ, Самарқанд туманида эҳтиёжманд оилаларнинг 800 дан ортиқ 16 ёшга етмаган фарзандига салкам 410 миллион сўм, Пахтачида эҳтиёжманд оилаларнинг 4 мингга яқин фарзандига салкам 2 миллиард сўм моддий ёрдам пуллари тарқатилгани ҳақида хабар қилинган эди.

Янгиликлар