Андижондаги айрим ҳудудларда сув таъминоти тўхтатилганига изоҳ берилди

Андижон вилоятидаги айрим ҳудудларда «Хонобод–Андижон» марказий ичимлик суви қувурининг сув тақсимлаш зулфини об-ҳавонинг кескин совиб кетиши натижасида ёрилиб, фавқулодда носозлик юзага келгани сабабли сув таъминоти тўхтатилди. Бу ҳақда  «Ўзсувтаъминот» АЖ ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, 2021 йил 9 январь куни Андижон шаҳрини ичимлик суви билан таъминловчи, диаметри 1400 миллиметр бўлган «Хонобод–Андижон» марказий ичимлик суви қувурининг сув тақсимлаш зулфини (задвижка) об-ҳавонинг кескин совиб кетиши натижасида ёрилиб, фавқулодда носозлик юзага келган. Ушбу тасодифий ҳолат туфайли Андижон шаҳри, Олтинкўл ва Андижон туманининг 20 дан ортиқ маҳаллаларида сув таъминоти вақтинча тўхтатилган.

Таъкидланишича, ҳолатни бартараф этиш мақсадида Андижон вилояти ҳокимлиги, «Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамияти ва «Андижон сув таъминоти» МЧЖ томонидан тезкор чора-тадбирлар белгиланиб, махсус штаб ташкил қилинган. Бундан ташқари, Андижон вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Ички ишлар бошқармаси, «Электр тармоқлари корхонаси», «Ҳудудгазтаъминот», Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси, Автомобиль йўллари бошқармаси, тиббиёт ва бошқа ташкилотларнинг 120 нафар ходими ҳамда 15 та махсус техника жалб этилди.

Қайд этилишича, Андижон шаҳри ва тумани аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида Жалақудуқ туманида жойлашган «Пахтакор» ерости сув олиш иншооти орқали Андижон шаҳрида яшовчи аҳолининг 35 фоизи ичимлик суви билан таъминланмоқда. «Андижон сув таъминоти» МЧЖ ҳамда шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳамкорлигида қўшимча равишда 60 дона махсус сув ташиш транспорт воситалари ва 150 нафар ишчи-ходим жалб этилиб, Андижон шаҳар ва туманининг сув таъминоти мавжуд бўлмаган ҳудудларидаги аҳолига ичимлик суви етказиб берилмоқда.

Маълум қилинишича, юзага келган фавқулоддаги носозлик 11 январь куни тўлиқ бартараф этилиб, аҳолининг ичимлик суви таъминоти 12 январь куни йўлга қўйилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳри Яшнобод тумани аҳолиси бир сутка давомида ичимлик суви таъминотидан узилгани ҳақда хабар қилинган эди.

Янгиликлар