Фарғонада келинини вахшийларча ўлдириб, бошини узиб олган қайнота қамалди

Фарғона вилоятининг Қўштепа туманида келинини вахшийларча ўлдириб, унинг бошини узиб олган қайнотага нисбатан суд ҳукми ўқилди.

Аниқланишича, ушбу воқеа 2022 йилнинг октябрь ойида туманнинг «Қумдон» маҳалласидаги хонадонлардан бирида юз берган.

Иш ҳужжатларида айтилишича, 1958 йилда туғилган айбланувчи кенжа фарзандининг хотини билан ўзаро жанжаллашиб қолган. Жанжал давомида қайнота томонидан 1988 йилда туғилган келинининг бўйин қисмига қаттиқ зарб билан урган. Оқибатда келин ҳушини йўқотиб ерга йиқилган.

Айбланувчи уйда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, келинини Matiz русумли машинанинг орқа ўриндиғига ортган. Уни Фарғона тумани Оқбулоқ қишлоғидаги адирликка олиб борган. Шундан сўнг ошхона пичоғи билан ҳушсиз келинининг бош қисмини танасидан буткул ажратиб олган. Бош қисмини қора целлофан пакетга солиб, Олтиариқ тумани «Файзобод» МФЙдаги йўл четида жойлашган арча дарахти орасига илиб кетган.

Суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, марҳума оғир тан жароҳати олгани ва кўп қон йўқотгани оқибатида вафот этган.

Мазкур жиноят иши Қўштепа туман суди томонидан кўриб чиқилиб, айбланувчига нисбатан суд ҳукми ўқилган.

Судланувчи Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «в» банди ва 134-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилган. Жиноят кодексининг 59-моддаси 3-қисмига асосан тайинланган жазони қисман қўшилиб, узил-кесил 13 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

Янгиликлар