Сирдарёда 13 ёшли қизнинг жасади бўғилиш белгилари билан аниқланди

3 июль куни, Сирдарё вилоятидаги хонадонлардан бирида, зўравонлик белгилари билан вояга етмаган 13 ёшли қизнинг жасади топилди. Бу ҳақда «NOVA24», Бош прокуратура матбуот котиби Хаёт Шамсутдиновнинг хабарига таяниб хабар беради.

Маълум қилинишича, соат 19:30 атрофида Шукрон маҳалласидаги уйлардан бирига ишдан қайтган аёл, 13 ёшли қизини ўлик ҳолда аниқлаган.

Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасида қизнинг ўлимига бўйин аъзоларининг сиқилиши ва бўғилиши сабаб бўлгани қайд этилган.

Аниқланишича, шу куни Сирдарё вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми («Қасддан одам ўлдириш») билан жиноят иши қўзғатилган.

Натижада жиноятчини қидириш учун ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан тезкор гуруҳ ташкил қилинган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Янгиликлар