Андижон вилояти ҳокимлиги бактериология-лаборатория ходимлари учун рағбатлантириш маблағлари берилмаслигини маълум қилди

Ижтимоий тармоқларда «Андижон шаҳар СЭОМ ходимларига бир неча ойдан бери мукофот пули берилмаяпти. Молия бўлими нимани кутмоқда?» сарлавҳаси остида тарқалган хабар юзасидан Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати расмий муносабат билдирди.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Хабарда таъкидланишича, вилоят ҳокимлиги томонидан тузилган ишчи гуруҳ мурожаатчилар (бактериология-лабаратория ходимлари) билан суҳбатлашганда уларга қўшимча моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомига асосан пул маблағлари вилоят молия бошқармаси томонидан тўлаб берилмаётганлигини маълум қилган.

Ўрганиш давомида «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларни қўшимча моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида»ги вақтинчалик низомида коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришган, зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларига ҳар 14 кунлик фаолият даври учун махсус қўшимча рағбатлантириш белгилаб қўйилган.

Аммо ушбу вақтинчалик низомда санитария-эпидемиология хизмати, бактериология-лабаратория ходимлари учун махсус қўшимча рағбатлантириш маблағлари ажратилишини назарда тутмаган, дейилади ҳокимлик ахборотида.

Шунингдек, вилоят молия бошқармаси бошлиғи томонидан ушбу вақтинчалик низом асосида санитария-эпидемиология хизмати, бактериология-лабаратория ходимлари учун махсус қўшимча рағбатлантириш маблағлари ажратилишини назарда тутувчи ҳеч қандай кўрсатма ва топшириқ мавжуд эмаслиги алоҳида таъкидланган.

Маълумотларга кўра, Андижон вилоятида шу кунга қадар берилган талабномалар асосида Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришган, зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида ишга жалб қилинган:

1119 нафар ходимларга махсус қўшимча рағбатлантириш тўловларига 19,9 миллиард сўм;

6634 нафар ходимларга ойлик лавозим маошларига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловларга 10,7 миллиард сўм, шунингдек, ПҚ-4695 га асосан зарарли шароитда ишлаётган 1730 нафар Санитария-эпидемиология осойишталик маркази ходимлари иш ҳақларига устамалар учун 2,1 миллиард сўм миқдорида маблағлар вилоят молия бош бошқармаси томонидан тўлиқ молиялаштириб берилган.

Жумладан, талабномалар асосида ҳудудий СЭОМларда ишловчи:

232 нафар ходимларга махсус қўшимча рағбатлантириш тўловларига 5,3 миллиард сўм;

5205 нафар ходимларга ойлик лавозим маошларига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловларга 8,5 миллиард сўм миқдорида маблағлар тўлиқ молиялаштириб берилган.

Бундан ташқари, иш юкламасининг ортиб кетганлигини инобатга олган ҳолда вилоят ҳокимининг 2020 йил 22 апрелдаги 30-Ф сонли фармойишига асосан 1 ставкада тўлиқ ишловчи ходимга ҳисобланадиган ойлик билан тўлиқ ставкада ишламаётган ходимлар ойлиги ўртасидаги тафовутни қоплаб беришга 445,8 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилган бўлиб, уларга 689.6 минг сўмдан  1379,6 минг сўмгача қўшимча тўловлар тўлаб берилган.

Аввалроқ Тошкент вилояти ҳокимлиги Янгийўлдаги «қоғозда»гина ойлик олган СЭОМ ходимлари иши бўйича муносабат билдирганди.