«Мен дуч келган бундай танловда қолишни худо кўрсатмасин». Беларусни тарк этган Тихановская видеомурожаат билан чиқди (видео)

Беларусь президентлигига номзод Светлана Тихановская Литвага кетгач, видеомурожаат билан чиқди. Бу ҳақда «Meduza» хабар берди. Унинг видомурожаати «Мен фарзандларим олдига кетдим» номи остида «Страна для жизни» YouTube каналида пайдо бўлди.

Тихановская мамлакатни тарк этгани учун уни ёмон кўриб қолишлари мумкин, деб ҳисоблайди.

«Биласизми, бутун бошли кампания мени обдон тоблаб, мен дош бера оладиган жуда катта куч берди, деб ўйлагандим, лекин, менимча, аввалгидай заиф аёллигимча қолдим. Ўзим учун жуда оғир қарор қабул қилдим. Бу қарорни мен мутлақо мустақил равишда қабул қилдим. Дўстларим ҳам, штаб ҳам, (турмуш ўртоғим) Сергей ҳам унга ҳеч қандай таъсир ўтказа олмасди. Биламан, кўпчилик мени тушунади, кўплар танқид қилади, кўплар ёмон кўриб қолади. Лекин, биласизми, мен дуч келган бундай танловда қолишни худо кўрсатмасин. Шу сабабли илтимос, ўзингизни асранг. Ҳозир содир бўлаётган нарсалар ҳаётингизга арзимайди. Мен… Фарзандларим — ҳаётимизда мавжуд нарсаларнинг энг муҳимидир», — дейди Светлана Тихановская.

Номзоднинг ишончли вакили Ольга Ковалькова 10 август куни Тихановскаяни Беларусь ҳукумати томонидан мамлакатдан чиқариб юборилганини маълум қилганди. «Светлананинг бошқа иложи йўқ эди. Муҳими у озодликда ва тирик. Улар Мария Мороз билан жўнаб кетишди. Бироқ Светлана жамоасининг бир қисми гаровда қолишда давом этмоқда», — деган Ковалькова.

Светлана Тихановская, Беларусь Марказий сайлов комиссиясининг расмий маълумотларига кўра, президентлик сайловларида 10 фоиздан ортиқ овоз йиғиб, иккинчи ўринда турган эди. МСК сайловларда мамлакатнинг амалдаги президенти Александр Лукашенко 80 фоиздан ортиқ овоз билан олтинчи бор ғалаба қозонганини эълон қилган.

Аввалроқ Тихановская мамлакатни тарк этгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар