Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 31,5 мингдан ошди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 11 август соат 10:00 ҳолатига кўра, 31 545 (+241) нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Янги касалланиш ҳолатларининг 193 нафари Тошкент шаҳрида, 21 нафари Самарқанд вилоятида, 12 нафари Сирдарё вилоятида, 8 нафари Навоий вилоятида ҳамда 7 нафари Тошкент вилоятида тана ҳарорати кўтарилганлиги сабабли профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Айни пайтда мамлакатда 22 992 нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар (73 фоиз) соғайган.

Ҳозирда 8 351 нафар беморга шифокорлар томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда. Улардан 1361 нафари оғир, 387 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Аввалроқ Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 200 нафарга етгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар