Тошкент вилояти ҳокимлиги Янгийўлдаги «қоғозда»гина ойлик олган СЭОМ ходимлари иши бўйича муносабат билдирди

Тошкент вилояти Янгийўл тумани санитария-эпидемиология осойишталик маркази ходимларининг 9 август кунги видеомурожаатига Тошкент вилояти ҳокимлиги расмий муносабат билдирди. Бу ҳақда Тошкент вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

«Видеомурожаатда СЭОМ ходимлари ишлаш учун карантин зоналарига юборилган, лекин махсус рағбатлантириш тўловларини олмаганлиги қайд этилган. Таъкидланишича, улар бу пулларни «қоғозда» олганликларини, шунингдек, туманнинг Санитария-эпидемиология фаровонлиги бош врачи коронавирус билан касалланганлиги ва касалхонада эканлиги боис унга 179 миллион сўм миқдорида компенсация берилганлиги айтилган», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Тошкент вилояти санитария-эпидемиология осойишталик маркази бош врачи Aбдуҳаким Сотволдиев 2020 йилнинг 15 июнига қадар Янгийўл туман СЭОМ марказининг 47 нафар ходими ойлик маошига Президент фармонига асосан 6 фоизли қўшимча ҳақ тўлаб берган. Шунингдек, хабарда ҳозирда яна молиялаштириш ишлари кетаётгани маълум қилинган.

«Президент қарорига мувофиқ, коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган, зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология ва бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови белгиланган бўлиб, лекин карантин марказига жалб этилган дезинфекторлар махсус комиссиянинг 20-сонли баёни асосида беморлар билан мулоқотда бўлмайди. Яъни касаллик ўчоғига бемор ва улар билан мулоқотда бўлган фуқаролар чиқиб кетгандан сўнг киради ҳамда якунловчи дезинфекция ишларини олиб боради. Ушбу вазифаларни амалга оширганлиги учун ойлик маошига 6 фоизли қўшимча хақ тўлаб бериш билан рағбатлантирилиш кўзда тутилган», — деб қайд этилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Aндижон уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бюджет маблағини талон-торож қилган ходимлар иши юзасидан изоҳ бергани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, онлайн дарс жараёнида болаларини ҳақорат қилган она ҳақида расмий маълумот берилганди.

Янгиликлар