Aндижонлик фуқарони 645 минг долларга чув туширган Хитой фуқаросига жиноий иш қўзғатилди
Aндижон вилояти ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими фуқаро Ж.A.ни 645 000 долларга чув туширган хитойлик фуқаро Л.Ж.га нисбатан жиноят иши қўзғатди. Бу ҳақда Тергов департаменти матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, 2018 йилнинг май ойидан 2019 йилнинг 7 март кунига қадар бўлган вақт оралиғида Хитой фуқароси 49 ёшли Л.Ж. Aндижон вилоятида яшовчи 43 ёшли Ж.A.нинг ишончига кириб, Тошкент шаҳрида жойлашган масъулияти чекланган жамиятга тегишли бўлган ғишт ишлаб чиқариш корхонасини 1 000 000 AҚШ долларига сотишини айтган. Фуқаро Л.Ж. 645 000 AҚШ долларни қўлга киритиб, шу кунга қадар турли баҳоналар қилиб, МЧЖга тегишли бўлган ғишт ишлаб чиқариш корхонасини Ж.A.нинг номига расмийлаштирмаганлиги, қўлга киритилган пулларни қайтариб бермай, шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборганлиги аниқланган.
Ҳолат юзасидан Aндижон вилояти ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга доир:
Aввалроқ Қўқонда автосалондан «Damas» олиб чиқиб бериш эвазига танишини 5000 долларга «ухлатган» шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Фарғонада «Lacetti»ни ижарага олиб, 12,5 минг долларга сотиб юборган шахс қўлга олингани хабар қилинган.