Бухорода «Бухоро — 2020 йилда Ислом маданияти пойтахти» тадбирига тайёргарлик бўйича видеоселектор бўлиб ўтди

Бухоро вилоятида вилоят ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Фарҳод Умаров бошчилигида навбатдаги кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, йиғилиш бошида пандемия шароитида умумтаълим мактабларини янги ўқув йилига тайёрлаш ишларининг ҳолати тўғрисидаги масала муҳокама қилинган.

Шавкат Мирзиёевнинг «Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, халқ таълими муассасаларини қўллаб-қувватлаш, тегишли ҳудуддаги умумтаълим муассасаларига ёрдам кўрсатиш ва мувофиқлаштириш маҳаллий ҳокимликлар томонидан амалга оширилиши белгиланган. Вилоят ҳокими мазкур йўналишда бажарилган ишларни ишчи гуруҳи томонидан олиб борилган ўрганишлар якунлари мисолида танқидий таҳлил қилган.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, «Етти пир зиёратгоҳлари ҳамда Мир Aраб мадрасаси фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорда Ислом Ҳамкорлиги Ташкилотининг AЙСЕСКО (Ислом таълим, фан ва маданият) тузилмаси томонидан «Бухоро — 2020 йилда Ислом олами маданияти пойтахти» деб эълон қилинган. Мазкур ҳодиса вилоят ҳаётида муҳим сиёсий, маданий-маърифий ва ижтимоий аҳамият касб этиши учун ушбу тадбирни юқори савияда ташкил этиш, Етти пир зиёратгоҳлари инфратузилмасини янгилаш, Мир Aраб мадрасасининг 500 йиллик юбилейини ўтказиш ҳамда мадрасанинг янги биносини фойдаланишга топшириш муҳим вазифалар экани қайд этилган.

Шунга кўра, Бухоро вилоятидаги Етти пир зиёратгоҳлари ҳамда Мир Aраб мадрасаси фаолиятини такомиллаштириш зарурлиги белгиланган. Бу борада соҳа мутасаддиларининг ҳисоботи тингланган. Етти пир зиёратгоҳлари инфратузилмасини янгилаш, Мир Aраб мадрасаси фаолиятини такомиллаштириш йўналишида бажариладиган муҳим вазифалар белгилаб олинган.

Йиғилишда аҳолини асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан кафолатли таъминлашга доир чора-тадбирлар ижросини ташкил этиш ва мазкур соҳада мавжуд амалиёт муҳокама қилинган.

Пандемия даврида аҳолига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг етказиб берилишини, бозорларда маҳсулотлар хилма-хиллиги ва нарх-наво барқарорлигини таъминлаш вазифасига маҳаллий ҳокимликлар, прокуратура ва солиқ органлари, алоқадор ташкилотларнинг куч ва воситаларини жалб этиш белгиланган.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Шунингдек, йиғилишда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш билан боғлиқ ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар, бу соҳада мутасадди идоралар масъулиятини ошириш ҳамда қатъий назорат тизимини йўлга қўйиш билан боғлиқ масалалар батафсил кўриб чиқилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухородаги 7 та маданий мерос объекти ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига номзод сифатида тайёрлангани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Бухорода Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда тарихий уй-музей ташкил этилиши маълум қилинди.

Янгиликлар