Учкўприкда 50 млн сўмлик хўроз ўғирланди
Фарғона вилояти Учкўприк туманида 50 миллион сўмлик хўроз ўғирланди. Бу ҳақда «Постда» хабар қилди.
Хабарга кўра, Учкўприк тумани «Мерган» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Б.Ш. ички ишлар органига мурожаат қилиб, 7 cентябр, душанба куни соат 12:00 дан соат 17:00 гача бўлган вақт оралиғида номаълум шахс товуқхонасига кирганини, битта хўрозини ўғирлаб кетганини билдирган.
Маълум қилинишича, номаълум шахс Б.Ш.нинг уйига девордан ошиб ўтиб, товуқхонадан баҳоси 50 миллион сўм бўлган хўрозни ўғирлаб кетган.
Қайд этилишича, жабрланувчининг мурожаати асосида ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Aйни пайтда ушбу жиноятни содир этган номаълум шахсни аниқлаш ва ушлаш чоралари кўрилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Қўштепада ўзи ишлаган уйдан салкам 4 миллион сўмлик қурилиш анжомларини ўғирлаб кетган уста ушлангани ҳамда Қўқонда хонадондан салкам 2,5 минг долларлик тилла тақинчоқларни ўғирлаган шахс қўлга олингани ҳақида хабар қилинганди.