Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов вафот этди

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси уюшма бошқаруви раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли журналист ва шоир Саъдулла Ҳакимов вафот этди. Бу ҳақда уюшманинг матбуот хизмати маълум қилди.

Фото: Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

Хабарга кўра, Саъдулла Ҳакимов 1951 йил 25 мартда Жиззах вилоятининг Фориш туманида туғилган. 1977 йили Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини Ғаллаорол туманида ўқитувчиликдан бошлаган. «Ўзбекистонда социал таъминот» журнали масъул котиби, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси бўлим мудири, «Ўзбекистон овози» газетаси бўлим мудири, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси масъул котиби, «Маърифат» газетаси бош муҳаррири, Ўзбекистон Президенти девони Ахборот маркази раҳбарининг ўринбосари, раҳбари, Ўзбекистон Президентининг Жамоатчилик билан алоқалар бўйича Давлат маслаҳатчиси ўринбосари, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директорининг ўринбосари, «Туркистон-пресс» нодавлат ахборот агентлиги бош директори, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси бош муҳаррири лавозимларида ишлаган.
Таъкидланишича, 2016 йилнинг 29 декабридан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси лавозимида ишлаб келган.

«Саъдулла Ҳакимов қаерда ишламасин, самимий ва жонкуяр инсон, меҳнатсевар ва ташкилотчи раҳбар сифатида из қолдирди. Ундан кўплаб публицистик асарлар, гўзал шеърий тўпламлар қолди», дейилади таъзияномада.

Саъдулла Ҳакимов Ватан ва юрт олдидаги хизматлари учун «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими» фахрий унвони (2002 йил), «Меҳнат шуҳрати» ордени (2019 йил) билан тақдирланган.

Аввалроқ «Оталар сўзи — ақлнигн кўзи» кўрсатуви бошловчиси Тўхтамурод Зуфаров 84 ёшида вафот этгани, Ўзбекистоннинг биринчи ва охирги давлат котиби Раҳим Ражабов вафот этгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар