Пандемия сабаб Москвада Янги йил тадбирлари бекор қилинади

Россиянинг Москва шаҳрида 2020 йилда пандемия туфайли Янги йил тадбири, Рождество ярмаркалари ва фестиваллари бекор қилинади. Бу ҳақда «РБК» хабар берди.

Фото: «TACC»

Маълум қилинишича, Москва кўчаларида 2020 йил Янги йил ярмаркалари ташкил этилмайди. 10 ноябрь, сешанба куни Москва мэри Сергей Собянин шаҳарда мавжуд чекловларни январь ойининг ўрталарига қадар амал қилишини эълон қилган.

Таъкидланишича, 2019 йил 13 декабрдан 2020 йил 12 январгача Москвада «Рождествога саёҳат» Янги йил фестивали бўлиб ўтган. Фестиваль Москванинг 40 га яқин турли жойларида бўлган ва асосий байрам тадбирлари Манежная ҳамда Қизил майдонларда ўтказилган.

Шаҳар мэриясининг хабар беришича, 2019 йилги Янги йил фестивали давомийлиги ва ташриф буюрувчилар сони бўйича рекорд ўрнатган. Фестивалда 26 миллиондан ортиқ киши иштирок этган.

Хабарга кўра, Москва мэри яқин ҳафталарда шаҳар ҳокимияти коронавирус билан боғлиқ вазият ёмонлашишини кутаётганини таъкидлаган. Шаҳарда 15 ноябрдан январь ойининг ўрталаригача мэр қарори билан янги чекловлар жорий этилган.

Сергей Собянин шаҳар ҳукумати келаётган Янги йил байрами концертлари ҳамда бошқа тадбирларнинг бекор қилиниши натижасида муассаса ва корхоналарни кераксиз харажатлардан қутқаришни истаётганини айтган.

Аввалроқ Ўзбекистонда пандемия билан боғлиқ вазият сабабли Мустақиллик куни йирик байрам тадбирлари ўтказилмаслиги маълум қилинган эди.

Янгиликлар