Тошкент вилоятида дориларнинг ноқонуний савдоси билан шуғулланган фуқаро ушланди

Тошкент вилоятида 166 миллион сўмлик дори воситаларини ноқонуний сотмоқчи бўлган фуқаро ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Tez News»га маълум қилди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Тошкент вилояти бошқармаси томонидан ДХХ ва Давлат божхона қўмитаси ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда фуқаро Д.Н. харидор М.А.га хорижда ишлаб чиқарилган, сифати кафолатланмаган 4500 қути «Бектазан 1,5» дори воситаларини 166 миллион сўмга дорихона ва унинг филиалларидан ташқарида сотган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Д.Н.га нисбатан Жиноят кодексининг 186³-моддаси (Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш, шунингдек, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказлмоқда.

Аввалроқ Сурхондарёда кредит олиб бериш учун тадбиркордан 15 минг доллар олган шахслар ушлангани, Тошкентда вақтинча сақлаш учун олинган 100 тонна ип-калава пулини «еб юборган» раҳбарларга иш очилгани ҳақида хабар берилганди.