Ўйинни сотгани учун 5 йилга футболдан четлатилган «Нефтчи» мураббийи лавозимига қайта тикланади

Фарғонада ўтган «Нефтчи» — «Турон» (0:1) учрашувидан кейин юз берган тартибсизликлардан сўнг истеъфога чиқарилган «Нефтчи» бош мураббийи Абдусамад Дўрмонов ўрнига янги бош мураббий иш бошлайдиган бўлди. Бу ҳақда  «Tribuna» маълум қилди.

Фото: «Tribuna»

Маълум қилинишича, Фарғона вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Хайрулло Бозоров «Нефтчи» клуби бош мураббийи лавозимига Илҳом Мўминжонов билан келишувга эришган. Мураббий олдига 2021 йилда «Нефтчи» клубини барқарор жамоага айлантириш вазифаси қўйилган.

Суперлигага ўтиш ўйини «Нефтчи» — «Андижон» баҳсида Фарғона клубини ёрдамчи мураббийлар Хислат Чилматов ва Сергей Лебедов бошлаб тушиши кутилмоқда, Мўминжонов эса дисквалификацияси муддати тугайдиган 2021 йилнинг январь ойидан расман клубни қабул қилиб олади.

Мураббий ҳозирга келиб Суперлиганинг бир қатор футболчилари билан музокара ўтказган. «Нефтчи» жамоаси тартибсизликлар учун узоқ муддатга четлатилган аксарият футболчилар билан хайрлашади ва уларнинг ўрнига янги ўйинчилар чақирилади.

Хабарда айтилишича, Хайрулло Бозоров Наманган вилояти ҳокими сифатидаги фаолияти давомида ҳам 2017 йилда Илҳом Мўминжоновни «Навбаҳор» клуби бош мураббийи сифатида тайинлаган ва наманганликлар ўша мавсумда 5-ўринни эгаллашган.

Бироқ икки йиллик фаолиятидан кейин Мўминжонов «Навбаҳор» футболчиларини ўйинни сотишга ундагани учун 2019 йилнинг апрелида ЎФА Этика қўмитаси томонидан 50 миллион сўм миқдорида жаримага тортилган ва 5 йил муддатга футболга оид ҳар қандай фаолиятдан четлатилган эди. 2020 йилнинг 3 январида эса «Сурхон» футбол клуби Этика қўмитасига Илҳом Мўминжонов ишини қайта кўриб чиқишни сўраб мурожаат қилган.

Мурожаат ЎФА Этика қўмитаси томонидан ўрганиб чиқилгач, Илҳом Мўминжоновнинг дисквалификация муддатини қисқартирган ва бу чеклов 2020 йилнинг 31 декабрига қадар амал қилади. Шу тариқа Мўминжоновнинг 5 йиллик дисквалификацияси 1 йил 9 ойда якунига етадиган бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Фарғона вилоятида футбол бўйича Ўзбекистон Про-лигасининг сўнгги тури якунидаги ўйинда бош ҳакам Шавкат Насибуллаев футболчи ва мухлислар томонидан калтаклангани ҳақида хабар берилганди.

Шунингдек, ЎФА Фарғонада Про-лиганинг ҳал қилувчи ўйинида ҳакамнинг калтакланиши юзасидан баёнот бергани ҳақида хабар берилганди. Кейинчалик ўйинда ҳакамни калтаклаганларга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар