Ўзбекистон ҳақида номақбул маълумот тарқатган чет эллик фуқароларга мамлакатга кириш тақиқланиши мумкин

Ўзбекистон маданияти ва тарихини ҳақорат қилувчи чет эл фуқароларининг мамлакатга кириши тақиқланиши мумкин. Тегишли қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари гуруҳи томонидан ишлаб чиқилди.

Фото: «Tez News»

Янги қонунда мамлакат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланган. Уни ишлаб чиқишда Қозоғистон, Озарбайжон, Россия, Польша, Беларусь, Хитой каби мамлакатлар тажрибаси ҳисобга олинган.

Унга биноан, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифи ушбу ҳолатларда номақбул деб топилади:

Ўзбекистоннинг давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигига қарши чиққан хорижликлар;

давлатлараро, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоватни қўзғатувчи чет элликлар;

Ўзбекистон халқининг шаъни, қадр-қиммати ёки тарихини камситувчи хорижликлар.

Бундан ташқари, мамлакатга ташрифи номақбул деб топилган чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга 5 йил давомида қуйидагилар тақиқланади:

Ўзбекистонга кириш, банкларда ҳисоб рақамларини очиш, кўчмас мулк сотиб олиш, давлат мулкини хусусийлаштиришда иштирок этиш, молиявий шартномалар тўзиш;

Хорижий фуқаронинг ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистонда вақтинча ёки доимий истиқомат қилишини исталмаган деб топилган тақдирда, Ўзбекистон ҳудудида яшаш ҳуқуқи қонуний равишда бекор қилинади ва шахс депортация қилинади.

Депортация қилинган тақдирда, фуқаролар тегишли билдиришнома олинган кундан бошлаб 10 кун ичида Ўзбекистонни ихтиёрий равишда тарк этишлари шарт. Акс ҳолда, мажбурий депортация содир бўлади.

Янгиликлар