Бухорода афв этилган ва пробацияда турувчиларга моддий ёрдам кўрсатилди

Бухоро шаҳрида Президентнинг 2020 йил 27 августдаги фармонига асосан уйига қайтган ва пробацияда турувчи шахсларга ёрдам кўрсатилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати

Хабарда айтилишича, 1991 йилда Бухоро шаҳрида туғилган фуқаро Шукуров Умиджон жазо муддатини ўтаб, Президентнинг 2020 йил 27 август кунидаги ПФ 6049-сонли «Авф» фармонига асосан асосий жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод этилган.

Хабарда аниқ турар жойига эга бўлмаган Шукуров Умиджонга ҳар томонлама кўмаклашиш, уни жамият ҳаётига мослаштириш, қайта жиноят содир этишини олдини олиш мақсадида чоралар кўрилгани айтилган. Жумладан, Бухоро шаҳар «Тўқимачи» МФЙ Мустақиллик кўчаси 47-сонли кўп қаватли умумий ётоқхонанинг 15-хонаси расмийлаштирилиб берилган. Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари томонидан ҳомийлар ёрдамида тўловлар амалга оширилган ҳолда фуқаролик паспорти янгиланиб, шаҳар бандликка кўмаклашиши маркази томонидан моддий ёрдам ҳам берилган.

Фото: Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати

Яшаш хонадони таъмирталаб аҳволга келиб қолган яна бир афв этилган Садиров Жўрабекнинг уйини таъмирлаш учун ёрдам берилган. Унга қурилиш материаллари, 4 миллион сўм пул, турмуш ўртоғини иш билан таъминлаш учун 3 миллион сўмлик тикув машинаси, бандликка кўмаклашиш маркази томонидан 1 милллион 386 минг сўм миқдоридаги моддий ёрдам пул берилган. Бундан ташқари, ўзи ва турмуш ўртоғининг фуқаролик паспорти ҳомийлар кўмагида тўлаб берилган тўловлар эвазига янгисига алмаштириб берилган.

Шунингдек, Бухоро шаҳрида яшовчи ижтимоий-маънавий кўмакка мухтож бўлган, ҳозирда жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган ва пробация ҳисобида турган 3 нафар шахсларнинг яқин қариндошларини қўллаб-қувватлаш мақсадида, улардан 1 нафарига 3 миллион сўм миқдорида пул, қолган 2 нафарига 3 миллион сўмлик тикув машиналари берилган.

«Меҳр» тадбири асосида Суриядан Ўзбекистонга олиб келинган аёллар ва болалар (Республика бўйича 156 нафар) орасидан 2 нафар аёл ва уларнинг 3 нафар фарзандлари Бухоро вилоятида истиқомат қилади. Бухоро шаҳар «Б.Нақшбанд» МФЙда истиқомат қилиб келаётган Зокирова Зебинисога ҳам шаҳар ҳокимлигининг кўмаги билан 1 миллион сўм пул берилган.

Фото: Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати

Аввалроқ Бухоро вилояти ҳокими Фарҳод Умаров афв этилганлар билан учрашгани, Жондорда ички ишлар органлари пробация ҳисобида турган 8 киши шартли равишда жазодан озод қилингани хабар қилинган эди.

Янгиликлар