Транспорт соҳасида фаолият кўрсатаётган бир гуруҳ ўзбекистонлик экспертлар Покистонга юборилади

Бош вазир ўринбосари Сардор Умурзоқов Покистонга ташрифи доирасида мамлакат денгиз ишлари бўйича федерал вазири Али Ҳайдар Заидий билан музокара ўтказди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фото: ЎзА

Хабарга кўра, суҳбат чоғида транспорт ва логистика ҳамкорлигини кенгайтириш бўйича шериклик масаласи муҳокама қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Покистон товарларининг ҳар икки мамлакат бозорига эркин кириши ўзаро савдо айланмаси кўрсаткичларининг ўсишига ёрдам бериши таъкидланди.

Айтилишича, айни йўналишда Покистон Ўзбекистоннинг «Гвадар», «Карачи» ва «Қосим» портларининг инфратузилмасидан фойдаланиши учун маслаҳат ва техник ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди. Бунинг учун яқин келажакда Покистонга транспорт соҳасида фаолият кўрсатаётган бир гуруҳ ўзбекистонлик экспертлар юборилади.

Музокаралар якунида муҳокама этилган йўналишлар бўйича амалий ҳамкорлик механизмини ишлаб чиқиш ва келишиш мақсадида Ўзбекистон Транспорт вазирлиги, Покистон Денгиз ишлари бўйича федерал вазирлиги ва Покистон Миллий логистика корпорацияси (PNSC) раҳбарлари даражасида ишчи гуруҳ тузиш тўғрисида келишувга эришилди.

Аввалроқ Ўзбекистон ташқи ишлар вазири МДҲ ижрочи котиби билан Москвада учрашув ўтказгани, Ўзбекистон Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ўртасида музокаралар бошланганини олқишлагани хабар қилинганди.

Янгиликлар