Қоракўлда салкам 2,5 минг оила «темир дафтар»га киритилгани маълум бўлди
Бухоро вилояти Қоракўл туманида бўлиб ўтган Халқ депутатлари кенгашининг ХI сессиясида туманда қанча оила темир дафтарга киритилгани маълум қилинди. Бу ҳақда ЎзA хабар берди.
Хабарга кўра, сессия ишида туман Кенгаши депутатлари, туман ҳокими ўринбосарлари, тегишли корхона, ташкилотлар ва муассасалар раҳбарлари, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Сессияда туманда бандлиги таъминланган ва яшаш шароити яхшиланган, даромад манбаига эга бўлган оилаларни камбағаллик рўйхатидан чиқариш тўғрисида туман сектор раҳбарларининг ҳисоботи тингланган.
Фармон ижросини таъминлаш мақсадида секторлар кесимида ишчи гуруҳлар тузилиб, туманда мавжуд 41 минг 919 оила ўрганиб чиқилган.
Маълум қилинишича, ўрганишлар натижасида коронавирус пандемияси шароитида ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғирлашган жами 2483 та эҳтиёжманд, кам даромадли оилалар аниқланиб, «темир дафтар»га киритилган. Пандемия шароитида мазкур оилалар бандлигини таъминлаш орқали уларга даромад манбаи яратишнинг вақтинчалик тартиби амалга оширилган.
Шунингдек, сессия давомида давлат санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бошлиғи A.Ҳамдамов сўзга чиқиб, пандемия даврида умумий ўрта таълим мактаблари ва махсус мактаб-интернатларида янги ўқув йилини бошлаш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берган. Туманда ҳозирги кунда Халқ таълими бўлимига қарашли 52 та умумий ўрта таълим мактабида бугунги кунда 28 минг 871 нафар ўқувчи таълим олмоқда.
Қайд этилишича, мактабларни янги ўқув йилига тайёрлаш жараёнида 113 та пирометр, 368 та дозатор кераклиги ҳамда 1 ўқув ҳафтаси (5 кун) учун ўртача 57 минг 742 дона ниқоб, 5,7 литр антисептик восита талаб қилиниши ҳисоблаб чиқилди. Мактаблар кесимида эса санитария воситалари билан таъминлаш бўйича зарур чоралар амалга оширилган. Уларга тиббиёт ходимлари ва санитария ходимлари масъул қилиб бириктирилган.
Таъкидланишича, сессияда кун тартибидаги масалалар юзасидан Халқ депутатлари туман кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Пайариқ туман депутатлари санитария ҳолатига тўлиқ жавоб берадиган мактаб ва боғчалар очилишини бир овоздан маъқуллагани ҳамда Наманганда ўтказилган вилоят қўшма сессиясида ижтимоий-иқтисодий соҳадаги муаммоларни ечиш масаласи қайта кўриб чиқилгани ҳақида хабар қилинганди.