«Бош вазир кубоги-2020» футбол мусобақаларида Олий суд жамоаси биринчи ўринни олди (фото)

«Бош вазир кубоги-2020» футбол мусобақаларининг 12 октябрь куни ўтказилган финал босқичида Олий суд биринчиликни қўлга киритди. Бу ҳақда мусобақанинг финал босқичида қатнашган «Tez News» мухбири хабар берди.

Фото: Камиль Еникеев

Маълум бўлишича, 4—12 октябрь кунлари вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, йирик корхона-ташкилотларнинг марказий аппарати ходимлари ўртасида футбол бўйича «Бош вазир кубоги-2020» мусобақалари юксак савияда ташкил этилди. Мусобақаларда 71 та жамоа (2019 йилгидан 7 тага кўп) қатнашди.

Фото: Камиль Еникеев

Мусобақада Президент Администрацияси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларини амалга ошириш агентлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, Ташқи ишлар вазирлиги, Фарғонанинг «Фарғонаазот» АЖ каби ўнга яқин жамоалар дебютант сифатида иштирок этди. Ўйинлар олимпия тизимида ташкил этилиб, ҳал қилувчи финал учрашувига мусобақанинг амалдаги ғолиби — Олий суд ҳамда 2020 йилги мусобақа кашфиётига айланган Ташқи ишлар вазирлиги жамоалари етиб келди. Ёпилиш маросимида бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов мусобақанинг мақсадига тўхталиб ўтди:

«Мусобақани ташкил этишдан кўзланган мақсад – аввало асосий фаолияти ақлий меҳнатга боғлиқ, кўп вақтини компьютер қаршисида ўтказадиган юртдошларимиз орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва уларни жисмоний фаолликка чорлашдан иборат».

Фото: Камиль Еникеев

Мусобақанинг 3-ўрни учун ўйин 11 октябрь бўлиб ўтди. Унда «Миллий банк» ҳамда «Фарғонаазот» АЖ жамоалари ғолиблик учун куч синашди. Муросасиз кечган ўйинда омад фарғоналикларга кулиб боқди ва улар уйларига бронза медали билан қайтишадиган бўлди. 12 октябрь куни эса финал босқичида Олий суд ва Ташқи ишлар вазирлиги жамоалари баҳслашди. Ўйин дуранг натижа билан тугагани сабаб, пеналти ўтказилди ва 5:4 ҳисобида Олий суд жамоаси ғолиб бўлди.

Фото: Камиль Еникеев

«Бош вазир кубоги-2020» футбол мусобақаси якунида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан медаль, диплом, кубок ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Аввалроқ «Андижон» футбол клуби «Бенфика» билан ҳамкорлик қилиши, Наманганда барча футбол мактаби ва академиялари «Навбаҳор» тасарруфига ўтиши хабар қилинган эди.

Янгиликлар