Россиядан Ўзбекистонга махсус поездлар қатнови йўлга қўйилди

Пандемия даврида Россияда қолиб кетган ўзбекистонликларни мамлакатга қайтариш мақсадида Тошкент—Москва—Тошкент йўналишида махсус поездлар қатнови йўлга қўйилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, қатнов 14, 21, 28 декабрь кунлари Москва Казанский—Тошкент йўналишида амалга оширилади. Поездлар Москвадан маҳаллий вақт билан Тошкентга соат 22:28 да жўнайди. Ушбу поездлар учун фақат бир томонга, яъни Москва—Тошкент йўналишига чипталар сотилади.

«Йўловчиларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида чипталарнинг электрон сотуви йўлга қўйилди. Москвадаги фуқароларимизнинг яқинлари Ўзбекистонда туриб, уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати нусхаси билан «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти веб-сайти орқали e-ticket.railway.uz’дан чипталарни электрон тарзда харид қилиб олиб, жўнатишлари ҳам мумкин», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, ушбу ишлар Ўзбекистон Транспорт вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти раҳбариятининг россиялик ҳамкасблари билан олиб борилган музокаралари натижаси ўлароқ амалга оширилмоқда.

Аввалроқ Абхазиядан 300 га яқин ўзбекистонлик махсус чартер рейси орқали олиб келингани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Москвадан 442 нафар ўзбекистонлик чартер рейс орқали ватанга қайтарилгани ҳамда Россиядан 1000 нафарга яқин ўзбекистонлик олиб келингани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар