Сирдарёда тадбиркор рақобатчисини ўлдириш учун 5 минг долларга одам ёллади

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида 7 декабрь куни тадбиркор Ж.З. ўзига рақобатчи деб билган М.Д. ни ўлдириш учун шахси сир сақланишини хоҳлаган «Х» исмли фуқарога буюртма бериб, 5000 доллар бериш ваъда қилгани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Tez News»/Иллюстратив

Маълум қилинишича, 2020 йил 7 декабрь куни «Х» исмли фуқаро ариза билан мурожаат қилиб, таниши тадбиркор Ж.З. (1994 й.т. муқаддам судланган) уни муқаддам «Босқинчилик» жинояти учун судланганлигидан хабар топиб, ўзига рақобатчи деб билган тадбиркор М.Д.ни ўлдиришга буюртма қилган.

Эвазига 5000 AҚШ доллари беришни ваъда қилгани, таклифини рад қилган тақдирда бошқа шахсларни ёллаб бўлса ҳам, уни ўлдиришини айтгани ва олдиндан 1000 доллар бермоқчи бўлганлигини маълум қилиб, уни жиноят содир қилишга ундаётган Ж.З.га нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

10 декабрь куни Сирдарё вилояти прокуратураси томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда «Х» исмли шахс Гулистон шаҳрида жойлашган қабристон яқинида тадбиркор М.Д.ни қотиллик аломатлари билан ётган, юз ва бош қисми грим қилинган жасади ва уни вафот этгани сунъий равишда яратилган фото суратини кўрсатгач, буюртмачи тадбиркор Ж.З. Мирзаобод тумани Боғистон маҳалласи ҳудудида унга 4000 AҚШ долларини берган вақтида ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Сирдарё вилояти прокуратураси томонидан Ж.З.га нисбатан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 1-қисми (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи Ж.З. процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Aввалроқ Каттақўрғонда қариндошининг уйига босқинчиликка одам ёллаган эркак қамоққа олингани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Самарқанд шаҳрида одам ёллаб, бувисининг мол-мулкини ўғирламоқчи бўлган аёл қўлга олингани хабар қилинган.

Янгиликлар