Telegram дайжести: Бухоро прокурорининг мурожаати, TikTok танқидчиларининг танқиди, новвой жарроҳлик қилса, нима бўлади?

Бу хафта бошида байрамона кайфият хукм сурди, десак янглишмаймиз. Якшанбага қўшиб, яна икки кун дам олиш байрам бўлмай яна нима? Албатта, бу дам олишу байрамларга сабабчи қонунларимиз асоси Конституция қабул қилинган кундир. Telegram эса дам олиш кунлари ва бошланган хафтада қизишда давом этмоқда. Ташқарида совуқ, Telegram’да эса бир-биридан қайноқ хабарлар. Telegram ҳафталик дайжестида қайноқ хабарлар билан исиниб олишга кетдик.

Байрамолди кайфиятни иқтисодчи Отабек Бакиров ўзининг каналида бир неча жиддий танқидий постлар билан бошлади. Хусусан, «Новвой жарроҳлик қилса, жаллодга айланади ёки иқтисодий тафаккурдан четдагилар иқтисодий қарорлар қабул қилмаслиги керак» номли постида у собиқ жарроҳ, ҳозирда савдо-саноат палатаси раҳбари бўлган Адҳам Икромовни шошма-шошарлик билан иқтисодий қарорлар қабул қилмасликка чақириб, жиддий танқид қилди.

Байрам табриги хам аччиққина бўлди. Табрикда «агар мамлакатда қонун ишламаса, фозиллар эмас, телбалар ҳокимиятга келади», деган фикрларни ўқиш мумкин.

Нозик сарказми билан мухлис ва мухлисалар орттирган Нурбек Алимов нақ байрам куни Telegram каналида Тошкент тиббиёт академияси ўқитувчиларининг тамагирона ҳаракатларини ифодаловчи фотофактни жойлади. Фотода академия ўқитувчиларининг туғилган кунлари қачонлиги алоҳида вараққа ёзилиб, кафедрада ҳамма кўрадиган жойга илиб қўйилганини кўриши мумкин.

Ўзи камтар, аммо имкон бўлди дегунча ўз бизнесини реклама қилувчи «Asaxiy» асосчиси Феруз Аллаев ҳафта бошида Илон Маск билан бўлган ғайриоддий воқеа фонида нега миллиардерларнинг доим ҳам пули бўлмаслигини тушунтирди.

Кейинроқ «Маълумот кўпайган сари негатив ҳам кўпайиб бормоқда», деб бошланадиган постида негатив хабарлардан қандай парҳез қилиш кераклигини айтиб ўтди.

Ниҳоят, ҳафта охирида TikTok’ни қабул қила олмаётган ва танқид қилаётганларга ўзига хос сарказм билан жавоб берди.

Ўзбек тилшунослигига яхшигина ҳисса қўшаётган «Асанов формати» канали билан бир қаторда Telegram’да тўғри ёзиш ва тил қоидалари билан таништирувчи бир лойиҳа ҳам мавжуд. «Хатоликлар» деб номланувчи ушбу каналда ўзбек тили қоидалари қизиқарли усулда тушунтириб борилмоқда. Масалан, алдаб, чалғитиб, ҳар қандай ишни ўз фойдасига ҳал қиладиган, макр-ҳийлага усталикни ифодаловчи синоним сўзларнинг нақ 15 таси келтирилди бир постда. Ўзбек тилида бундай маънони ифодаловчи сўзлар кўплиги нимадан бўлса-а?

Журналист ва блогер Алишер Рўзиохунов ҳафта бошида Маргарет Тэтчер автобиографиясини ўқишни бошлаганини реклама қилди.

Сал кейинроқ метан «заправка»сида газ навбатида чиққан жанжал видеосини жойлаб, можарода асосий айбдор деб Энергетика вазирлигини кўрсатди.

Рўзиохунов ҳафтани ис гази қурбонлари сони кўпаётгани тўғрисидаги статистик таҳлилий пост билан якунлади. Ўтган йили 74 киши ис газидан заҳарланганини эслаб, огоҳлантирди.

Расмий каналлардан актуал ва диққатга сазовор хабар Соғлиқни сақлаш вазирлиги сахифасида чиқди. Унда келтирилишича, коронавирусдан соғайиш кўрсаткичи 97 фоизга кўтарилган.

Диққатга сазовор каналлардан яна бири «Канал 33» номи билан очилган блогдир. Унда кўришга арзирли кинолар тавсия қилиб борилади. Масалан, машҳур корейс режиссёри Ким Ки Дукнинг қатор фильмлари тавсиясини эътиборсиз қолдириб бўлмайди.

Ҳафтани «портлатган» хабар эса Нозим Сафари ва Зафар Солижонов каналларида эълон қилинган видеомурожаат бўлди. Бу Бухоро шаҳрининг амалдаги прокурори Жасур Фозиловнинг мурожаати бўлиб, унда анча-мунча кирдикорлар очиб ташланган.

Ҳафтани карикатура йўналишида блог юритадиган «Раис бува» каналида чиққан ғалати хабар якунлайди. Унда Навоий вилоятида ичимлик суви бирданига уч баробарга қимматлашиши танқид қилинган. Постга вилоят ҳокимининг рубоб ушлаб турган тасвири илова қилинган.

Ўнгда бўл ё сўлда бўл, биз билан трендда бўл. Янаги ҳафта кўришгунча!

Янгиликлар