Олий ва ўрта махсус таълим вазири лавозимини тарк этгани ҳақидаги хабарга муносабат билдирилди

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Ўзбекистон Миллий университетига ректор бўлгани ҳақидаги хабарга муносабат билдирилди. Бу ҳақда «Халқ сўзи» нашри хабар берди.

Маълумотларга кўра, ижтимоий тармоқларда Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидовнинг ўз лавозимдан кетгани ва Ўзбекистон Миллий университетига ректор этиб тайинлангани ҳақида гаплар тарқалган. Вазирлик матбуот котиби Фарҳод Бабашевнинг маълум қилишича, вазир ишдан кетгани ҳақидаги гаплар ёлғон. Вазирлик раҳбариятида ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган.

«Телеграм каналларининг бири бу нотўғри хабарни тарқатди, мен улар билан боғландим ва хабар ўчирилди», — дейди Фарҳод Бабашев.

Аввалроқ Иномжон Мажидов контракт тўлови ўзгариши масаласида гапириб, 2020/2021 ўқув йилида контракт тўлови миқдори ўзгаришсиз қолиши ҳақида айтгани ҳақида хабар берилган эди.