Ўзбекистонда ислом молияси концепциясини ўз ичига олган нобанк кредит ташкилотлари очилади

Ўзбекистонда ислом молияси концепциясини ўз ичига олган нобанк кредит ташкилотлари тўғрисидаги қонун қабул қилинади. Бу ҳақда АОКА да бўлиб ўтган брифингда Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамраев маълум қилди.

Кадр: YouTube

Беҳзод Ҳамраевнинг сўзларига кўра, 2021 йилда Марказий банк ислом молияси концепциясини ўз ичига олган нобанк кредит ташкилотлари тўғрисида қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни режалаштирмоқда. Унинг таъкидлашича, молия бозорларида рақобатни кучайтириш керак. Шу сабабли бу йилдан нобанк ташкилотлар тўғрисидаги қонун янгидан ишлаб чиқилади. Бундан ташқари, уларга кўплаб хизматлар кўрсатиш ҳуқуқи берилади.

Шунингдек, Беҳзод Ҳамраев бундай таклифни Шавкат Мирзиёев 29 декабрь куни бўлиб ўтган парламентга мурожаатида айтиб ўтганини ҳам алоҳида таъкидлаган. Президент Марказий банкка молия бозорида рақобатни кучайтириш, шунингдек, ислом молияси механизмларини жорий этиш мақсадида ҳуқуқий асос яратиш учун 1 февралгача нобанк кредит ташкилотлари тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқишга топшириқ берган.

Маълумот учун, ислом банкинги (ислом банк иши) — бу шариат тамойилларига мос келадиган молиявий фаолият. Ислом банкингида кредит миқдори ва муддатига қараб ҳисобланган фоизлар ёки ставкаларни олиш тақиқланади. Ушбу тақиқ мусулмонларнинг ижтимоий адолат ва тенглик тўғрисидаги қонунлари билан изоҳланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жаҳон банки 2021–2022 йилларда Ўзбекистоннинг ЯИМ ҳажми қанчага ошишини маълум қилгани ҳақда хабар берилган. Бундан ташқари Ўзбекистонда 2020 йилнинг инфляция даражаси маълум қилинган эди.

Янгиликлар