Самарқандда «Damas» билан «Cobalt» тўқнашиб кетиши оқибатида 1 киши ҳалок бўлди
Самарқанд вилояти Булунғур туманида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлиб, оқибатида бир киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар беради.
Аниқланишича, йўл-транспорт ҳодисаси 13 июнь куни соат 06:30 да М-39 автомобиль йўлининг Олмазор маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 1046-километрида содир бўлган. «Тошкент-Самарқанд» йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган «Damas» ҳайдовчиси қарама-қарши бўлакда «Cobalt» билан тўқнашиб кетган.
ЙТҲ натижасида «Damas» ҳайдовчиси касалхонага кетаётган вақтда вафот этган, – дейилади хабарда.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.