Aндижонда COVID-19’га тест олинган 25 минг ўқитувчидан 52 нафарида вирус аниқланди

Aндижон вилоятида COVID-19’га тест олинган 25 минг ўқитувчидан 52 нафарида вирус қайд этилди. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар берди.

Маълум қилинишича янги ўқув йилида салкам 60 000 нафар бола вилоятдаги 764 та мактабда 1-синфга қабул қилинган. Мазкур болалар билан вилоятдаги ўқувчилар сони жами 575 000 нафарга етгани қайд этилган.

Вилоятда инвестиция маблағлари ҳисобига 33 та ва маҳаллий бюджет ҳисобидан 20 та мактаб таъмирланган.

Вилоят ҳокимлиги вакилининг таъкидлашича, вилоятда 7 сентябрдан айрим мактаблар фаолиятини бошлаган. Шунингдек, 14 сентябрдан бошлаб қолган мактаблар босқичма-босқич очилиши белгиланган. Мактабларда 2020—2021 ўқув йили бошланишига Халқ депутатлари шаҳар ва туман кенгашларининг қарорига мувофиқ рухсат берилиши режалаштирилган.

Ҳокимлик томонидан вилоят халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги мактабларга пандемия даврида таълимни анъанавий шаклда бошлаш учун 1500 дона пирометр ҳамда 7640 литр антисептик воситалар етказиб берилган.

Айни пайтгача янги ўқув йилига пухта тайёргарлик кўриш доирасида вилоятдаги умумтаълим мактабларининг 25 минг нафар ўқитувчиларидан коронавирусга тестлар олинди. Тест натижаларига кўра уларнинг 52 нафари инфекция юқтириб олганлиги аниқланган.

Aввалроқ Жомбой туманида 40 нафар ўқитувчи коронавирусга чалингани маълум бўлган эди. Кейинчалик Пайариқда коронавирусга тест олинган 576 нафар ўқитувчидан 60 нафарида вирус аниқлангани ва Самарқанд шаҳрида 21 сентябрдан 2 та мактабда таълим анъанавий шаклда бошланиши ҳақида хабар берилди.