Пастдарғомдаги «1000 та жўжа спектакли»га туман прокурорининг алоқадорлиги аниқланмади, лекин унга ҳайфсан берилди

Пастдарғомдаги «1000 та жўжа спектакли»га туман прокурорининг алоқадорлиги аниқланмади. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган «Пастдарғомда ‘1000 та жўжа спектакли’: Бош ролларда прокурор ва ўғлини камбағал қилиб кўрсатган ‘маҳаллақўм’» сарлавхали мақолада кўрсатилган ҳолатлар юзасидан текширув ўтказилди.

Текширишда «Қўқони» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳусниддин Турсунов томонидан уюштирилган мазкур саҳнали кўриниш намойишининг ташкиллаштирилишида Пастдарғом тумани прокурори Aсрор Валиевнинг алоқадорлиги аниқланмади.

Бироқ туман прокурори Aсрор Валиев раҳбарлик қилаётган 2-сектор фаолиятида камчиликлар аниқланганлиги сабабли унга нисбатан интизомий жазо қўлланилиб, ҳайфсан эълон қилинди.

Aввалроқ «Кun.uz»да эълон қилинган мақоладаги йигит аслида «Қўқони» маҳалласи раисининг ўғли эканлиги маълум бўлганди. Кейинчалик Пастдарғом тумани ҳокимлиги воқеа юзасидан расмий муносабат билдирган.

Шунингдек, мақолада кўрсатилган ҳолатлар юзасидан Бош прокуратура томонидан ўрганиш ишлари бошланганлиги маълум қилинган эди.

Маълумот учун, Пастдарғомда мингта жўжа берилиб, камбағалликдан чиқарилган йигитнинг отаси — маҳалла раиси Ҳусниддин Турсунов ишдан кетган.

Янгиликлар