Самарқандда 2020 йилда 95 млн долларлик енгил саноат маҳсулотлари экспорт қилинади
Самарқанд вилоятида 2020 йилда 95 миллион долларлик енгил саноат маҳсулотлари экспорт қилинади. Бу ҳақда Пайариқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, вилоятда гилам ва гилам маҳсулотлари ишлаб чиқиш тўқимачилик саноати тармоғининг 27,2 фоизини ташкил этмоқда. Гилам ва гилам маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналари сони вилоятда 24 тани ташкил этиб, ушбу корхоналар Самарқанд шаҳрида 12 та, Ургут туманида 6 та, Пайариқ туманида 3 та, Самарқанд туманида 2 та ва Оқдарё туманида 1 тани ташкил этади. Корхоналарнинг ишлаб чиқариш қуввати 42 006 минг квадрат метрни ташкил этиб, амалда 37 913 минг квадрат метр гилам ва гилам маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. Соҳада бугунги кунда 3661 нафар ишчи ходимлар меҳнат қилмоқда.
Шунингдек, 2020 йилда енгил саноат маҳсулотлари экспорти режаси 95 миллион долларни ташкил этиб, шундан 40,6 фоизи ёки 38,7 миллион доллари гилам ва гилам маҳсулотларига тўғри келади.
Аввалроқ Ўзбекистонда Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси ташкил этилиши ҳақида хабар берилган эди.
Маълумот учун, Наманган ва Андижонда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатига ихтисослаштирилган эркин иқтисодий зоналар ташкил этилади.