Чилонзорда ИИО ходимлари ва фуқаролар ўртасида содир бўлган жанжал юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ расмий изоҳ берди

Интернет тармоғида ИИО ходимлари ва фуқаролар ўртасидаги зиддиятли вазият акс этган видеотасвир тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ расмий изоҳ берди.

Хабарга кўра, 12 сентябрь куни тахминан соат 12:20 ларда Чилонзор туманидаги Бунёдкор ва КХАЙ кўчалари кесишмасида Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ инспекторлари «Cobalt» автомобиль ҳайдовчиси 35 ёшли Б.У.ни йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги учун тўхтатган.

Таъкидланишича, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга баённома расмийлаштириш жараёнида йўл четида тўхтаб турган автомобиль ҳайдовчиси 29 ёшли Т.Р. аралашган ва ходимларнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиб, жанжал кўтарган ҳамда ички ишлар органи ходимига фаол қаршилик кўрсатиб, тан жароҳати етказган.

Ҳуқуқбузарнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйиш мақсадида яқин орада хизмат олиб бораётган ППХ ходимлари етиб келишган. ИИО ходимлари Т.Р.ни яқин орадаги ИИБга олиб кетиш учун транспорт воситасига утқизиш жараёнида акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалган.

Қайд этилишича, жанжал иштирокчилари Чилонзор тумани ИИО ФМБга олиб борилган. Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Текширув якуни бўйича ички ишлар органлари ходимларининг қонуний фаолиятига қаршилик кўрсатган барча фуқароларнинг шахси аниқланиб, уларнинг қилмишига ҳуқуқий баҳо берилади ва уларга нисбатан қонуний чора кўрилади.