Уч вилоятда 1 млрд сўмдан зиёд электр энергияси ўғирланди
Учта вилоятда 1 млрд 36 млн 354 минг сўмлик электр энергияси талон-торож қилинган.
Қайд этилишича, масъул ташкилотлар ўзаро ҳамкорликда Сирдарё, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида ўтказилган назорат тадбирларида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаган. Хусусан:
- Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидаги “И.Т.” МЧЖга қарашли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаси электр тармоғига ноқонуний уланиб, давлат манфаатларига 783 млн 516 минг сўм;
- Сурхондарё вилояти Термиз туманида фаолият юритиб келаётган “С.А.Ф.” МЧЖга қарашли иссиқхонанинг электр ҳисоблагичи нотўғри уланганлиги натижасида давлат манфаатларига 133 млн 920 минг сўм;
- Фарғона вилояти Ёзёвон туманида фуқаро А.Х.га тегишли чорва хўжалиги электр тармоғига ноқонуний уланиб олганлиги сабабли давлат манфаатларига 118 млн 918 минг сўм зарар етказилган.
Жами ўғирланган электр энергияси қиймати 1 млрд 36 млн 354 минг сўмга етган.
“Аниқланган ҳолат юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилинди”, дейилади вазирлик хабарида.