Бош прокурор Хоразмда теримчи ва боғча тарбияланувчиларига совға топширди

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев Хоразм вилоятига ташриф буюрди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Бош прокуратура ахборот хизмати

Хабарга кўра, дастлаб Бош прокурор мутасаддилар ҳамроҳлигида Урганч туманидаги «Қоромон Баракати» фермер хўжалиги даласида бўлган. Пахта теримида иштирок этаётган аҳоли вакилларига яратилган шароитлар, уларни моддий рағбатлантириш масалалари муҳокама қилинган. Теримчилар ва фермер хўжаликлари дуч келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш бўйича тегишли сектор раҳбари ва бошқа мутасаддиларга зарур йўл-йўриқлар, қатъий кўрсатмалар берилган. Шунингдек, Бош прокурор томонидан илғор теримчиларга телевизор, гилам, электропеч каби 100 га яқин қимматбаҳо совғалар тарқатилган.

Фото: Бош прокуратура ахборот хизмати

Ташрифнинг навбатдаги манзили Хива шаҳрида жойлашган «Болалар шаҳарчаси» бўлди. Бош прокурор мазкур маскан тарбиячи ва тарбияланувчилари билан мулоқот асносида бу ердаги шароитларни янада яхшилаш, уларга ҳар томонлама кўмак кўрсатиш бўйича сектор раҳбарларига кўрсатмалар берган. Тарбияланувчиларга ўқув қуроллари, қишки кийим-кечаклар ва қимматбаҳо совғаларни топширган.

Фото: Бош прокуратура ахборот хизмати

Урганч шаҳридаги вилоят ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказидаги беморлар аҳволидан ҳам хабар олинган. Бош прокурор ушбу марказнинг куз-қиш мавсумига тайёрлиги билан бевосита танишиб, сектор раҳбарлари ва бошқа масъулларга мавжуд камчиликларни зудлик билан бартараф этиш бўйича аниқ кўрсатмалар берди, тезкор равишда кўрсатилиши зарур амалий ёрдам кўламини аниқлаган. Жумладан, мазкур муассасани замонавий кондиционерлар билан таъминлаш бўйича аниқ чоралар белгилаб олинган.

Фото: Бош прокуратура ахборот хизмати

Хоразм вилояти ҳокимлигида Бош прокурор иштирокида ўтказилган йиғилишда эса фаолларга вилоятнинг янги прокурори Ботир Қудратхўжаев таништирилган. Шунингдек, ҳудуддаги долзарб масалалар ечимида прокуратура органларининг тегишли тузилмалар билан ҳамкорлигининг истиқболлари белгилаб берилган.

Фото: Бош прокуратура ахборот хизмати

Вилоятнинг янги тайинланган прокурори ҳамроҳлигида Бош прокурор Урганч туманидаги 2-сектор штабига ҳам ташриф буюрган. Пандемия шароитида эҳтиёжманд оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари», «Аёллар дафтари»ни юритиш бўйича қўйилаётган талабларнинг моҳияти юзасидан масъулларга зарур тушунтиришлар берган.

Фото: Бош прокуратура ахборот хизмати

Аввалроқ Бешариқда прокурор ўтказган сайёр қабулда 3 кишининг мурожаати ҳал этилгани, Бухорода вазирликлар ва маҳаллий ҳокимларнинг оммавий сайёр қабулида 1,5 мингдан ортиқ мурожаат ўрганилгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар