Бухоро шаҳрида 25 мингга яқин янги иш ўрни яратилади

Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Фарҳод Умаров бошчилигидаги мутасаддилар «Бухоротехнопарк» ДУК фаолияти ва ҳудудда инвесторлар томонидан олиб борилаётган ишлар билан танишди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фото: ЎзА

Хабарга кўра, «Бухоротехнопарк» ДУК Бухоро шаҳар ҳокимлиги ҳузурида 2014 йилда ташкил этилган бўлиб, 32 та мулкий мажмуа объектлари 22 та хўжалик юритувчи субъектларни ўз ичига олади. Уларга 1 йилдан 3,5 йилгача муддатларда 862,5 миллиард сўм миқдорида инвестиция киритиш ва 24 минг 780 та янги иш ўрни яратиш шарти билан «ноль» харид қийматда тасарруф этиш ҳуқуқисиз берилган.

Шундан 3 та объектга 1,5 миллиард сўмлик 26 та, 12 та объектга 59,6 миллиард сўмлик 839 та, 4 та объектга 110 миллиард сўмлик 1 минг 145 та, 2 та объектга 18,2 миллиард сўмлик ва 240 та, 1 та объектга 672 миллиард сўмлик ва 20 минг та ишчи ўрни яратиш ҳисобига инвестиция киритиш шарти билан ишга тушириш мажбурияти юклатилган. Айни кунга қадар ушбу комплексда 23 та лойиҳадан 13 таси амалга оширилмоқда. Натижаси 53 миллиард сўм миқдорида инвестиция маблағлари киритган. 868 та янги иш ўрни яратилган.

Фото: ЎзА

Маълум бўлишича, аксарият тадбиркорлик субъектларининг инвестиция мажбуриятларини бажариш муддати аллақачон етиб келган бўлса-да, бу борада улар томонидан айтарли саъй-ҳаракатлар бошланмаган. Ички йўллар, ичимлик суви таъминоти ва канализация тизими, муҳандислик-коммуникация тармоқлари бўйича ҳам муаммолар мавжуд. «Бухоротехнопарк» ДУК ҳудудида фаолият олиб бораётган барча корхона ва ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари билан биргаликда объектлар атрофида тўпланиб қолган қурилиш ва бошқа турли чиқиндилардан тозалаш, атрофни ободонлаштириш, дарахт ўтқазиш, кўкаламзорлаштириш ишларини бажариш талаб этилади.

Вилоят раҳбари масъулларга «Бухоротехнопарк» ДУК объектларида муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини қайта тиклаш ишларини бажариш, ҳудудда ичимлик суви ва оқова тизимини қуриш ҳамда ички йўлларни асфальтлаштириш ишларини якунлаш, ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш юзасидан топшириқлар берди.

Аввалроқ Бухоро шаҳрида қурилиш соҳасида 3200 та янги иш ўрни яратилиши хабар қилинган эди. Шунингдек, Бухорода бозорбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва аҳолини иш билан таъминлаш учун 2 триллион сўмдан ортиқ пул сарфланиши кутилмоқда.

Янгиликлар