Бухоро шаҳрида қурилиш соҳасида 3200 та янги иш ўрни яратилади
Бухоро шаҳрида 29 сентябрь, сешанба куни мутасаддилар томонидан шаҳарнинг 3-секторида жойлашган бўш турган ва ишлатилмай келинган бино ҳамда ер майдонларида ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш заводлари фаолиятини ташкил этишдаги мавжуд имкониятлар мониторинг қилинди, деб хабар берди Бухоро виляоти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати.
Хусусан, Бухоро шаҳар Қарши дарвозаси кўчаси 1-уйда жойлашган «Нигора» МЧЖ томонидан олиб борилаётган реконструкция ишлари ҳам ўрганилиб, амалга оширилаётган ишлар натижасида текстиль маҳсулотлари сифатини яхшилаш орқали жаҳон бозорида рақобатбардош товарлар ишлаб чиқариш юзасидан зарурий кўрсатмалар берилган.
Эски тўқимачилик фабрикаси ҳудудининг бир қисмини «ноль» қийматда инвестиция киритиш шарти билан бепул бериб, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, ўзлаштириладиган қўшимча тармоқлар ҳисобидан янги иш ўринларини яратиш имкониятлари кўздан кечирилган.
Бухоро шаҳар ҳокими ва Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи «Бухоротехнопарк» ДУК ҳудудида олиб борилаётган ишлар билан ҳам танишган.
Таъкидланишича, 2014 йилда ташкил топган мазкур ҳудуд умумий 53 гектардан иборат. 2015 йил 28 апрелдаги ПҚ-2340-сонли қарорига асосан ҳудуддаги бино ва иншоотлар комплекси 305 миллиард сўм инвестиция киритиш ҳамда 3200 та янги иш ўринлари яратиш шарти билан «ноль» қийматда сотилиши белгиланган. Шундан келиб чиқиб, ҳозирда мазкур майдон 19 та хорижий инвесторга бўлиб берилган ва ишлар бошланган.
Таъкидланишича, Бухоро шаҳар ҳокими ва 3-сектор раҳбари томонидан «Бухоротехнопарк» ДУКдаги мавжуд муаммолар, қилиниши лозим бўлган масалаларга алоҳида эътибор қаратиб, муҳандислик коммуникация тизимлари, ичимлик суви ва оқова тармоқларни реконструкция қилиш, ички йўлларни таъмирлаш ҳамда ободонлаштириш ишларини алоҳида назоратга олиш борасида тегишли соҳа вакилларига топшириқлар берилган.
Аввалроқ Шофирконда йил охирига қадар 757 та субъект ихтиёрида 1,2 млрд сўм маблағ қолиши маълум бўлганди.