Олотда камбағалликни қисқартириш бўйича 55 та лойиҳа амалга оширилади
Бухоро вилояти Олот туманида камбағалликни қисқартириш бўйича 55 та лойиҳа амалга оширилади. Бу ҳақда ЎзA хабар берди.
Хабарга кўра, туманда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, бажарилиши режалаштирилаётган қурилиш ва бунёдкорлик ишлари ҳамда йирик лойиҳалар тақдимотига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтган.
Тадбирда 2020—2022 йилларда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш бўйича умумий қиймати 2 триллион 711 миллиард сўмлик 155 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган. Тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан ишлаб чиққан чора-тадбирлари ҳақида ахборот берган.
Шунингдек, инвестиция лойиҳалари, тижорат банклари томонидан дастурга киритилган лойиҳаларга кредит маблағларини ажратиш, аҳоли пунктларида ичимлик суви таъминотини яхшилаш, туман марказида оқова суви тармоқларини қуриш, келгусида барпо этилиши режалаштирилган объектларни жойлаштириш ҳамда муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, аҳолига узлуксиз электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш, бандлик дастури доирасида аҳолини иш билан таъминлаш каби муҳим вазифалар ижроси муҳокама қилинган.
Йиғилишда уй-жойлар қуриш, туманда 2020 йил дастурига кирган ижтимоий соҳа объектларида амалга оширилаётган ишларни назоратга олиш, уларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш, ирригация-мелиорация тармоқларини яхшилаш бўйича ҳам вазифалар белгиланган.
Аввалроқ Наманганда умумий қиймати 1 миллиард сўмдан ортиқ булган 93 та лойиҳа, Бухорода Малайзия компанияси билан ҳамкорликда янги инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши ҳақида хабар қилинганди.