Бухорода Малайзия компанияси билан ҳамкорликда янги инвестиция лойиҳаси амалга оширилади

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, «Ўзбекенгилсаноат» уюшмаси раиси Илҳом Хайдаров ҳамда Малайзиянинг «Vichy International Limited» компанияси директори Чандра Секар ўртасида видеоалоқа орқали музокаралар ташкил этилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Хабарга кўра, унда хорижий компания директорининг молия масалалари бўйича ўринбосари Ражу Нирмалаҳ, «Eximbank Malaysia» банки вакили Коури Срисаран, Ўзбекистоннинг Малайзиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Равшан Усмонов, савдо маслаҳатчиси Маҳмуд Маҳмудов, Инвестиция ва ташқи савдо вазирлигининг халқаро ҳамкорлик бўйича етакчи мутахассиси Улуғбек Ўролов, Бухоро вилояти мутасаддилари, жумладан, вилоят ҳокимининг ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Ризо Aсадов иштирок этган.

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Онлайн тарзда ташкил этилган мулоқотда тўқимачилик саноати, сувни тежайдиган технологиялардан фойдаланган ҳолда пахта ва тўқимачилик маҳсулотларини йигириш, тўқиш, бўяш ва пухта тайёрланган матодан янги замонавий андазалар асосида кийим-кечак тикиб тайёрлашнинг кластер шаклини жорий этиш, ҳамкорликда ташкил этилаётган корхоналарга юқори малакали хорижий мутахассисларни жалб қилиш, илғор чет эл технологиясини ўзлаштириш масалалари муҳокама қилинган.

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Шунингдек, вилоятда енгил саноатни янада ривожлантириш мақсадидаги янги лойиҳаларнинг тақдимоти ўтказилган. Ҳудудлардаги эркин иқтисодий зоналарда яратилган шарт-шароит, бизнес муҳити, хорижий инвесторлар капитали иштирокидаги корхоналар фаолияти атрофлича ўрганилган.

Қайд этилишича, компания директори Чандра Секар Ўзбекистонда, жумладан, Бухоро вилоятида кичик ва ўрта бизнесни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотларни юқори баҳолаган.

У дунёга машҳур компаниялар каби савдо брендларига хос буюртмаларни қабул қиладиган юқори технологик, замонавий ишлаб чиқаришни яратиш, Ўзбекистондаги корхоналарда ҳам худди шундай, маҳсулот сифатига эътибор қаратган ҳолда экспорт салоҳиятини ошириш борасидаги фикр-мулоҳазаларини билдирган.

Таъкидланишича, музокаралар якунида «Ўзбекенгилсаноат» уюшмаси ва Бухоро вилояти ҳокимлиги томонидан лойиҳани амалга ошириш, кооперация алоқаларини ўрнатиш ва бошқа масалаларда ўзаро манфаатли келишувларга эришилган.

Aввалроқ Бухоро ҳокими 573 минг доллар инвестиция ҳисобига амалга оширилаётган лойиҳа билан танишгани ҳақида хабар қилинганди. Шунингдек, Бухорода қурилаётган «Bukhara City»га 600 миллион доллар инвестиция жалб қилиниши ҳамда вилоятда маданий мерос объектларини узоқ муддатга ижарага бериш бўйича инвестиция таклифлари ишлаб чиқилгани маълум қилинганди.

Янгиликлар