Бухоро ҳокими 573 минг доллар инвестиция ҳисобига амалга оширилаётган лойиҳа билан танишди

Бухоро вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Фарҳод Умаров 573 минг АҚШ доллари инвестиция киритиш ҳисобига амалга оширилаётган лойиҳа билан танишди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, 13 сентябрь, якшанба куни Фарҳод Умаров бошчилигида сектор раҳбарлари пахта йиғим-терими мавсумини самарали ташкил қилиш, такрорий экинлар мониторинги ва бошқа масалалар бўйича ишлар билан танишиш мақсадида Қоровулбозор туманига борди.

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

«2020 йилда 5775 гектар ерга асосан «Бухоро-6» навли барака уруғи эккан қоровулбозорлик миришкорлар пахта хирмонини 13 260 тоннадан ошириш тараддудида. Бу ҳали шартнома режасида назарда тутилган миқдор эканини ҳисобга олсак, ҳосил чўғи бундан-да салмоқли кўриниш олиши эҳтимолдан холи эмас.

‘Бўзачи’ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Насим Қозоқов раҳбарлик қилаётган ‘Раҳимбобо’ фермер хўжалиги бу йил 104 гектарда барака уруғи қадаб, бор куч-ғайратини айни пайтда йиғим-теримга сафарбар этмоқда. Мақсад эса давлат шартномасида кўрсатилган 220 тонна хирмон кўтариш. Бундан икки кун аввал мазкур фермер хўжалигида йиғим-терим ишлари бошланган эди», — дейилади ҳокимлик хабарида.

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Мутасаддилар мазкур фермер хўжалигида бўлиб, йиғим-терим ишларининг бориши билан танишди.

Вилоят ҳокими фермер ва отряд раҳбари билан мавсум тадбирларини тўғри ва сифатли амалга ошириш, ҳосилни ўз вақтида йиғиб-териб олиш хусусида суҳбатлашди. Отряд сафига бириктирилган теримчиларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш, ихтиёрий равишда қўшимча даромад топиш мақсадидаги иш билан банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли аҳолини йиғим-теримга жалб қилиш кераклигини таъкидлади. Дала четида теримчилар учун сув, чой, иссиқ овқат каби барча шарт-шароитларни ташкил этиш ишларини назоратга олиш бўйича масъулларга топшириқ берилди. Пандемия шароитида йиғим-терим мавсумида санитар қоидаларни унутмаслик асосий вазифага айланиши хусусида ҳам сўз борди.

Ҳоким Қоровулбозор пахта тайёрлов масканидаги пахта ҳосилини қабул қилишда фойдаланиладиган мавжуд автомобиль тарозилар, синов лабораторияларидаги синов ускуна ва ўлчаш воситаларини таъмирлаш ишлари билан танишди.

Шунингдек, мутасаддилар «Бухоро агрокластер» МЧЖда ҳам бўлиб, жамият томонидан амалга оширилаётган навбатдаги қишлоқ хўжалиги корхонаси лойиҳаси билан танишди. Маълумотларга кўра, 573 минг АҚШ доллари инвестиция киритиш ҳисобига амалга оширилаётган лойиҳа учун 1 минг 57 гектар ер ажратилган. Лойиҳа тўлиқ амалга оширилса, 365 та янги иш ўринлари яратилади. Бу ерда томчилатиб суғориш технологияси ҳам жорий этилмоқда. Дастлабки босқичда томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган экин майдони 24 гектар, кейинчалик мавжуд 1 минг 57 гектар ернинг барчасини ресурстежамкор технология асосида суғориш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, Aндижонда 15 сентябрдан пахта терими бошланиши маълум қилинган.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг қайси туманларида қўлда терилган пахта учун устама ҳақ берилиши ҳақида хабар берилган. Кейинчалик Қоровулбозорда 10 сентябрдан пахта терими бошлангани маълум қилинди.

Янгиликлар