Самарқандда 16 та мактаб информатика ва ахборот технологияларини ўқитишга ихтисослаштирилади

Самарқанд вилоятида 16 та мактаб информатика ва ахборот технологияларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилади. Бу ҳақда Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 2020 йилнинг охирига қадар Самарқанд шаҳридаги 9-умумий ўрта таълим мактаби информатика ва ахборот технологияларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган муассасага айлантирилади.

Мактабга ТАТУ Самарқанд филиали, Ўзбекистон Миллий университети қошидаги Микроэлектроника ва ярим ўтказгичлар физикаси илмий тадқиқот институти, «UZINFOCOM ягона интегратор» МЧЖ, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси масъул этиб бириктирилган.

Мактабга 340 миллион сўм ҳомийлик ёрдами белгиланган. Вилоят бўйича 16 та мактаб ихтисослаштирилган мактабга айлантирилади.

Қайд этилишича, 2020 ўқув йилидан Самарқанд ахборот технологиялари техникуми фаолиятини бошлади. Ушбу ишлар Призидентнинг 2020 йил 6 октябрдаги «Ахборот технологиялари соҳасида таълим тизимини янада такомиллаштириш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва уларни IT–индустрия билан интеграция қилиш чора тадбирлари тўғрисида» ги қарори асосида амалга оширилаётгани хабар қилинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда ахборот технологияларини ўқитишга ихтисослаштирилган 205 та мактаб ташкил этилганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев рақамли иқтисодиётсиз мамлакат иқтисодиётининг келажаги йўқлигини таъкидлаган.

Янгиликлар