Сурхондарёда бош солиқчининг «Equinox» олиши учун Молия вазирлигидан берилган хат қалбакилаштирилгани маълум бўлди

Сурхондарёда вилоят бош солиқчининг «Equinox» олиши учун Молия вазирлигидан берилган хат қалбакилаштирилгани маълум бўлди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «gmauthority»

Маълум қилинишича, Молия вазирлиги Сурхондарё вилоят Давлат солиқ бошқармасига «Equinox» автомашинасини харид қилишга эмас, «Nexia-3» сотиб олишга рухсат берган. Давлат харидлари порталига эса бошқарма 349 миллион сўмга сотиб олган «Equinox»нинг қалбакилаштирилган ҳужжат нусхаси жойлаштирилган.

«Мазкур мурожаатга Молия вазирлигининг 2020 йил 9 октябрдаги ЕС 8724-сонли жавоб хати билан юқоридаги автотранспорт воситасини ўрнатилган тартибда сотиш ҳамда унинг ўрнига белгиланган лимит доирасида Солиқ органларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан бир дона Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган ‘Nexia-3’ русумли хизмат автомашинаси харид қилишга эътирози йўқлиги маълум қилинган.

Фото: Молия вазирлиги ахборот хизмати

Бироқ бошқарма томонидан ‘UzAuto’ дилери ‘Авто-центр-Қашқадарё’ билан бошқарма ўртасида 2020 йил 30 сентябрда тузилган 3-250-2020-1563УА-сонли шартномага асосан ‘Equinox’ русумли автотранспорт воситаси харид қилинган», дейилади вазирлик хабарида.

Хабарга кўра, мазкур ҳолат юзасидан Молия вазирлиги Бош прокуратурага мурожаат йўллаган. Вазирлик мурожаатида прокуратура ваколати доирасида вазирликнинг жавоб хатига ўзгартириш киритган мансабдор шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўрилиши сўралган.

Шунингдек, мазкур ҳолатга Давлат солиқ қўмитаси ҳам ўз муносабатини билдирган. Қўмита ҳолат юзасидан хизмат текшируви бошланганини таъкидлаган.

Аввалроқ Самарқандда ўтказилган рейдда «Isuzu» ҳайдовчисининг салкам 30 минг доллар қалбаки пул олиб юргани аниқлангани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Наманганда 5 нафар шифокорнинг малака тоифаси сертификатини қалбакилаштиргани аниқлангани маълум қилинган.

Янгиликлар