Чустда 5 нафар шифокорнинг малака тоифаси сертификатини қалбакилаштиргани аниқланди
Наманган вилояти Чуст туманида 5 нафар шифокорнинг малака тоифаси сертификатини қалбакилаштиргани аниқланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов депараменти хабар берди.
Маълум қилинишича, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ички аудит ва молиявий назорат хизмати томонидан Чуст туман тиббиёт бирлашмасида масофадан туриб мониторинг текшируви ўтказилган. Текширув давомида болалар психиатрияси, анестезиология ва реаниматологияси, умумий амалиёт шифокори, неврология, умумий хирургия мутахассисликлари учун бир нечта шифокорнинг малака тоифаси тўғрисидаги сертификатлари ҳақиқий эканлигига шубҳа туғилган.
Сертификатларнинг қалбакилаштирилган ҳолатига аниқлик киритиш учун Чуст тумани Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлимига юборилган.
Терговга қадар текширув даврида ўтказилган Наманган шаҳри бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси эксперт-криминалистика бўлинмасининг тадқиқотлар хулосасига кўра малака тоифаси сертификатларидаги муҳрлар изи компьютер қурилмасининг рангли оқимли (струйный) принтери ёрдамида тайёрланганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Чуст тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Г.Н., С.Н., М.Ж., И.Ю. ва О.З.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 228-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Тошкентда қалбаки сертификат билан ўқишга кирмоқчи бўлган 3 нафар абитуриент қўлга тушгани ва «Ипак йўли» туризм халқаро университети проректорининг дипломи сохталиги бўйича хабарлар рад этилгани ҳақида хабар берилган эди.
Шунингдек, Ўзбекистонга «BMW» автомашинасини сохта ҳужжатлар билан олиб кирмоқчи бўлган эркак қўлга тушгани ҳамда Булунғурда танқидий мақола ёзиш билан қўрқитиб, 2 ташкилотдан 1,2 миллион сўм ундирган сохта блогерга жазо тайинлангани маълум қилинганди.