Бош прокуратура Яшнободдаги мактаб-интернатда калтакланган қиз ҳақида маълумот берди

Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги 103-мактаб интернатда 3-синф қиз калтаклангани тасвирланган видео тарқалгани айтилган эди. Бош прокуратура мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида «Tez News»га маълум қилди.

Фото: «Tez News»

Aниқланишича, 2020 йил 11 декабрь куни фуқаро К.З. Яшнобод тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлимига ариза билан мурожаат қилиб, унда ақли заиф вояга етмаган қизи мактаб-интернатидан тан жароҳатлари билан келганини маълум қилган. Шунингдек, айбдор шахсларга қонуний чора кўришни сўраган.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг маълумотномасига кўра, вояга етмаган қиз танасида ўнг елка соҳаси ва ўнг кўкрак соҳаси, ўнг кўкрак соҳаси остки қисмлари юмшоқ тўқималарининг лат ейиши ҳамда кўкариши каби тан жароҳатлари борлиги аниқланиб, зарур тиббий ёрдам кўрсатилган ва тегишли даво чоралари тавсия қилинган.

Маъум қилинишича, вояга етмаган қизнинг танасидаги жароҳатларининг келиб чиқиш механизми ва оғирлик даражасини аниқлаш мақсадида судга оид экспертиза тайинланган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Яшнобод тумани ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 109-моддаси (Қасддан баданга енгил шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон шаҳридаги 43-мактаб ўқувчиларининг совуқда икки қатор бўлиб юпун кийимларда байроқ кўтариб, мутасаддиларни кутиб олаётгани акс этган фотосурат тарқалгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар