Қирғизистон президенти лавозимига 18 кишининг номзоди кўрсатилди

Қирғизистон Республикаси Сайлов ва референдумларни ўтказиш бўйича Марказий комиссияси аъзоларининг 12 декабрдаги йиғилишида Республика президенти лавозимига 18 нафар номзод рўйхатдан ўтказилди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Вячеслав Оселедко

Хабарга кўра, тасдиқланган номзодлар ичида мамлакат президенти вазифасини бажарган Садир Жапаров, «Бутун Киргизстан» партияси раҳбари Адахан Мадумаров, миллий хавфсизлик қўмитаси собиқ раҳбари Абдил Сегизбаев ва бошқалар бор.

Таъкидланишича, «Қирғизистон Республикаси президенти ва Қирғизистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари сайловлари тўғрисида»ги конституциявий қонунга мувофиқ, Қирғизистон президенти лавозимига номзодлар талаб қилинган қуйидаги ҳужжатларни тақдим этган:

  • Ўз номзодини кўрсатиш тўғрисидаги ариза;
  • Давлат тилини билиш даражаси тўғрисидаги гувоҳнома;
  • 1 миллион сўм миқдорда сайлов гарови тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
  • Номзодни қўллаб-қувватловчи сайловчиларнинг 30 мингдан кам бўлмаган имзоси;
  • Номзод тўғрисидаги маълумотларни биографик маълумотлар билан шакллантириш.

Ишчи гуруҳ маълумотларига кўра, барча номзодлар учун сайловчиларнинг 30 мингта ҳақиқий имзолари мавжудлиги аниқланган. Маълумот учун, мамлакатда муддатидан олдинги президентлик сайлови 2021 йилнинг 10 январь санасида бўлиб ўтади.

Аввалроқ Қирғизистон президенти Сўронбой Жээнбеков истеъфога чиқишга қарор қилгани ҳақида хабар берилган эди.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида 5 октябрь куни мамлакат парламентига бўлиб ўтган сайловлар натижаларидан норози бўлган минглаб фуқаролар намойишга чиқишни бошлаган. 6 октябрь куни соат 10:40 да Бишкекда 100 дан ортиқ намойишчилар пойтахт мериясини эгаллаб олган.

Шунингдек, собиқ президент Aлмазбек Aтамбоев 5 октябрь куни қамоқдан озод этилган. Орадан 5 кун ўтиб, махсус кучлар уни қайта ҳибсга олган. Шу билан бирга, Қирғизистон ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Курсан Aсанов ҳам тартибсизликлар иши бўйича ҳибсга олинган.

Янгиликлар